Ватан соғинчи билан яшаймиз!
Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги олдидан
Мустақиллик туфайли эришган энг катта ютуқларимздан бири, шубҳасиз, таълим тизимида яратилаётган қулайликлардир. Зеро, бугунги кун ёшлари нафақат юртимизда, балки хорижнинг етакчи, нуфузли олий ўқув юртларида ўқиш, билимини мустаҳкамлаш, тажриба орттириш имконига эга.
Табиийки, яратилган имтиёзлардан фойдаланиб, хорижда яшаётган, ўқиб, изланаётган ёшларимиз талай. Эътиборли жиҳати, улар бошқа юртларда яшасада, диёримизда кечаётган ўзгаришлар, олиб борилаётган ислоҳотлардан хабардор бўлиб, айни жараёнга нисбатан ўз фикр, мулоҳазаларини билдириб туради.
Етти йилдан буён Германияда истиқомат қилаётган шаҳрисабзлик журналист Маърифат Нур ҳам қалбан мудом Ўзбекистонда.
Мустақиллик байрами арафасида Маърифат билан суҳбатлашдик.
- Хорижда яшаётган аксарият ҳамюртларимиз сингари биз ҳам оилавий Ватандаги ўзгаришларни виртуал тарзда кузатиб борамиз. Яқинда матбуотда Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Ушбу ҳужжатда истиқлолнинг 31 йиллиги «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» шиори остида ўтказилиши қайд этилган. Шундан ҳам билса бўладики, мамлакатда барча ислоҳотлар инсон қадр-қимматини улуғлашга йўналтирилган.
Сир эмас, мамлакатимизда диний, маънавий, илмий, ҳуқуқий соҳаларга алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу соҳалардаги ижобий ўзгаришлар халқ ҳаётида намоён бўляпти. Хусусан, халқимизда мустақил ва танқидий (таҳдидсиз ва ҳадиксиз) фикрлаш кўникмаси шаклланган. Умуман, сўз, фикр, танлов эркинлиги яратилгани кейинги йиллардаги энг яхши янгиликлар, деб биламан.
Хорижда ўқиб, яшаб, малака ошираётган ёшлар мунтазам қўллаб-қувватланяпти. Уларни янги давлатчилик учун ҳисса қўшишга ундаш, ғоя ва ютуқларини жамиятга тарғиб этиш ҳам аввалги даврдан анча фарқ қилади. Айниқса, таълим ва спорт тизимида ёшларимиз нуфузли халқаро мусобақалар, танловларда кўплаб юқори натижаларни қўлга киритяпти. Бу мамлакатимиз довруғини дунёга ёйишга хизмат қилади, албатта. Республикамизда пешма-пеш хусусий таълим, тиббиёт масканлари, дунёда юқори рейтингга эга олийгоҳлар филиаллари очилаётгани мамлакатимиз ривожига, халқимиз фаровонлигига хизмат қилмоқда.
Шу ўринда бир мулоҳаза билдиришни истардим. Юртимизда ишсизлик йилдан йилга камайиб бормоқда, маошлар мунтазам ошириляпти. Тан олиш керак, хориждаги ҳамюртларимиз доимо Ватанга қайтиш истаги билан яшайди. Уларнинг баъзиларини “қайтсам, оиламни ҳалол топганим билан боқа оламанми, қачон, неча йилда ўз уйим, машинамга эга бўламан каби қатор хавотирли саволлар ҳам безовта қилиши мумкин. Албатта, замон, тирикчилик, деганлари ҳиссиётлар, орзу-умидлардан ташқари реал ҳисоботларни ҳам тақозо этади. Шу маънода, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар тез орада пировард натижаларини бериб, юқоридаги саволларга сира ўрин қолмайди, деб ўйлайман.

Ҳозирги кунда “Ёшлар агентлиги” томонидан чет элдаги иқтидорли ўзбек ёшларини ҳам мамлакатимиздаги ислоҳотларга кенг жалб этиш лойиҳалари самарали амалга оширилмоқда. Эҳтимол, шундай ёшлар учун “виртуал партия” сингари мажозий маънодаги жамлоа ташкил этиш керакдир. Онлайн суҳбатлар, вебинар коучинг ташаббуси илгари сурилса, янгича ғоялар туғилармиди…
Дунёнинг қай ерида бўлмайлик, Ватан соғинчи ҳамиша биз билан бирга яшайди. Оилада ўзбек тилида сўзлашамиз, фарзандларимизни диний ва миллий тарбия усуллари асосида ўстиряпмиз. Барча байрамларни оила даврасида нишонлаймиз. Айниқса, Мустқиллик кунини ўзгача қарши оламиз. Фарзандларим ҳам бу байрамни интиқлик билан кутади.
Бу йил ҳам Истиқлол санасини уйда нишонлаб, болажонларимизга яна бир бор Ватанимиз тарихи, ота-боболаримиз ҳақида сўзлаб беришни ният қилдик. Кўпинча миллий байрамларимиз муносабати билан ватандошлар иштирокида меҳмондорчилик уюштирамиз. Шоира бўлганим учун Ватан ҳақидаги туйғуларим шеър бўлиб қоғозга тўкилади.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистондаги яқинлар, хориждаги барча ҳамюрт танишларни мустақиллик байрами билан табриклаб, қуйидаги шеъримни қутлов сифатида тақдим этаман:
Ҳар жойдан топилар гўзал ер, шаҳар,
Лек ҳамма тупроқни ўпиб бўлмайди.
Юртим ҳақда мендан сўрасалар гар,
Шундай таърифлайди юрагим зарби:
Ватан, бу - оқибат, мурувват, далда,
Ватан, бу - халойиқ жам бўлолган уй.
Қўшнимиз азадор бўлиб қолганда
Тасодифан кўпга қолдирилган тўй.
Яна нени айтай ватаним ҳақда?
Урушда бедарак кетса боболар
Ёрига бир умр вафосин сақлаб,
Саксонгача кутган бизнинг момолар.
Ватан таъми бўлиб туюлар менга,
Онам тайёрлаган зиғир ёғли ош.
Эркаг-у аёлнинг қўли кўксида -
Ўзбекона лутф, ўзгача қиёс...
Мен бир шоир қизи, ёт элга ўгай,
Бағрида ўстирган, учирган ҳам у.
Қанча бахтли бўлмай, қанча шод бўлмай,
Ватан - кўксимдаги пинҳона қайғу.
ЎзА мухбири
Гўзал Сатторова ёзиб олди.