“Ватан остонаси” бадиий фильми тақдимоти
Мамлакат муҳофазаси унинг чегаралари мустаҳкамлигига, сарҳадларининг дахлсизлигига бевосита боғлиқ. Ҳар бир давлат ўз тинчлигини қўшинлар бирдамлиги, аскарларининг кучли руҳий ва жисмоний тайёргарлиги билан баҳолаган.
Шу боис ҳурлик ва эрк тушунчалари ҳамма замонда ҳар бир халқ учун муқаддас саналган. Юртимиз фуқаролари, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод орасида Давлат чегаралари дахлсизлигини таъминлаш юксак шарафли иш эканлигини ҳамда ДХХ Чегара қўшинларида Давлат чегараларини қўриқлаш соҳасида олиб борилаётган ишларни тарғиб этиш, шунингдек, ёшларни ватанпарварлик, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг онгига миллий ғурур, ҳалоллик ва фидокорлик туйғусини сингдириш мақсадида “Vatan” киностудияси билан ҳамкорликда 4 қисмдан иборат “Ватан остонаси” бадиий фильми тайёрланди.
Таъкидлаш лозимки, мазкур фильм 2001 йилда ишлаб чиқилган “Остона” фильмининг узвий давоми бўлиб, мустақиллик йилларида ДХХ Чегара қўшинларида Давлат чегараси соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни тарғиб этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Фильмнинг асосий мақсади юртимиз фуқароларига Давлат чегаралари муқаддас ва дахлсизлигини, айнан шу ердан мамлакатнинг бепоён далалари-ю боғ-роғлари, осмонўпар тоғлари-ю азим дарёлари ҳамда халқимизнинг осуда ҳаёти бошланишини тарғиб этиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдир.
Ушбу эзгу мақсадларни ўз ичига олган мазкур фильм Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги, куч тузилмалари ҳамда бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда тайёрланди.
Киночилар уйида Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги ташаббуси билан “Ватан остонаси” фильмининг тақдимоти ўтказилди.
Ушбу бадиий фильм бугун сарҳадларимизда она Ватан тинчлигини ҳимоя қилаётган, ўз фидойилиги ва жасорати билан халқимизга энг улуғ, энг азиз неъмат бўлмиш – тинчлик ва осойишталикни ҳадя этаётган жасур чегарачиларнинг шарафли хизматига бағишланади.
Ўйлаймизки, мазкур фильм юртимиз ёшлари учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлади.
Ҳамза Якубов, Капитан
ЎзА