Ватан ўғлонлари хотираси ёд этилди
Андижонда Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 32 йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Асосий тадбир Андижон шаҳри марказидаги Хотира хиёбонида ўтказилди.
Ватан, унинг эрки ва озодлиги йўлида қанча-қанча мард ва жасур ватандошларимиз азиз жонларини фидо қилган. Уларнинг қаҳрамонликлари, кўрсатган жасоратлари ҳеч қачон унутилмайди. Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан улар хотираси ёдга олинди. Андижон шаҳри марказидаги Хотира хиёбонига ўрнатилган Мотамсаро она ҳайкали пойига вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар фахрийлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар томонидан оркестр садолари остида гулдасталар қўйилди.
[gallery-15460]
–Юрт озодлиги, ҳимояси йўлида жон фидо қилган аждодларимиз, ўғлонларимизни ёд этиш, биз учун ҳам қарз, ҳам фарз, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Абдулҳамид Нурматов. – Ана шундай мард аждодларимиз билан ҳамиша фахрланамиз, уларнинг хотирасига эҳтиром кўрсатамиз. Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ташкил этилган ушбу тадбир юртдошларимиз, айниқса, ёш авлодни ватанпарварлик, юртга садоқат ва ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган бу каби тадбирлар вилоятдаги ҳарбий қисм, меҳнат жамоалари ва таълим муассасаларида бўлиб ўтмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари