Ватан меҳридан илҳом олиб...
Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясида “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари – тинчлик ва осойишталик посбони” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган ушбу тадбирда ҳарбийлар, мутахассислар ва ёшлар иштирок этди.
Наманган вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси фахрийлар кенгаши раиси, полковник Ҳасан Хидиров ва бошқалар Қуролли Кучларимизнинг миллий хавфсизликни таъминлашдаги ўрни, тинчликни сақлашдаги фаолияти ва ёшлар учун ҳарбий хизматнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Улар қайд этганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ушбу соҳани ислоҳ қилиш ва ҳар томонлама модернизация қилиш, уларни замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган, Янги Ўзбекистоннинг мустақиллиги ва суверенитети, халқимиз хавфсизлиги ва фаровонлигини кафолатли таъминлашга қодир янги армияга айлантириш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўрилаётгани таҳсинга лойиқ. Бундай ишлар эса ёш авлодни она Ватан ҳимояси учун масъулиятли бўлишга ундайди.
– Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилган тадбирлар ёш авлод учун катта аҳамиятга эга, – деди Ҳ.Хидиров. – Ёшларнинг она заминимизга бўлган муҳаббати ана шундай мулоқотларда янада ошади. Улар Ватан меҳридан илҳомланади. Ўтган йиллар давомида ҳарбий салоҳиятимизни, куч-қудратимизни мустаҳкамлаш учун амалга оширилган ислоҳотлар аҳамиятлидир. Ўз навбатида, ёшларимизга юртга хизмат қилиш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш борасида масъулиятни ҳис қилишни ўргатиш биз учун муҳим вазифа.
Ушбу маънавий тадбир ёшларнинг Ватанга ва ҳарбий хизматга бўлган масъулиятини янада кучайтиришга қаратилган муҳим қадам бўлди. Мулоқот давомида уларнинг ҳарбийларга бўлган эҳтироми ва юртга хизмат қилишга бўлган қизиқишлари янада ортиб, ҳар бир ёш ўз бурчини бажаришга тайёр эканини намоён этди.
–Она Ватанга хизмат қилиш ва ҳар бир қадамда масъулиятни ҳис қилиш муҳим вазифа ҳисобланади. Шу сабабли, мазкур тадбирда ҳарбийларимиз билан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказиш, уларнинг тажрибасидан ўрганиш ёшлар учун катта мактаб бўлди, – деди станция матбуот хизмати раҳбари Равшан Мирсаидов.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА