Ватан мард ўғлонларини унутмайди
Фарғона вилоятида ҳам Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Қуролли Кучларимизда хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари холидан хабар олинмоқда.
Фарғона вилоятида ҳам Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Қуролли Кучларимизда хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари холидан хабар олинмоқда.
2000 йил август ойида бир гуруҳ террорчилар Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманлари тоғли қишлоқларига бостириб кириб, тинчлик ва осойишталигимизга рахна солмоқчи бўлган эди. Ўшанда террорчиларга қақшатқич зарба берган, Ватан ҳимояси йўлида жонини фидо қилган мард ўғлонларимиз орасида марғилонлик Бобур Ғаниев ҳам бор эди.
Қуролдошларининг гувоҳлик беришича, Бобур оғир яраланган бўлса-да, сўнгги нафасигача босқинчилар билан курашган. Халқимиз осойишталиги, юртимиз тинчлиги йўлида азиз жонини қурбон қилган жасур ўғлонлар хотираси ҳеч қачон унутилмайди. Б.Ғаниев II даражали “Шон-шараф” ордени билан мукофотланган. Унинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Марғилон шаҳридаги ўзи таҳсил олган 13-умумтаълим мактабида бюсти ўрнатилиб, у яшаган кўчага унинг номи қўйилган, хонадонига уй-музейи ташкил этилган.

Фарғона вилояти ҳокими Ш. Ғаниев, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони Л. Бузруков, ҳарбий хизматчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари марҳум Бобур Ғаниев хонадонида бўлди. Мунаввархон аяга Бобуржон Ғаниевдек мард ва жасур фарзанд тарбиялагани учун миннатдорчилик билдирди, соғлик-саломатлик тилашди.
Вилоят ҳокимлиги, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси ва жамоатчилик вакиллари Фарғона шаҳрилик Дилшод Асановнинг хонадонида ҳам бўлиб, унинг оиласига пул мукофоти ва эсдалик совғалари топширилди. Мард ўғлонни камолга етказган ота-онасига миннатдорчилик билдирилиб, порлоқ хотираси ёдга олинди.
“Ифтихор” маҳалла фуқаролар йиғинида туғилиб ўсган Дилшодбек Асанов 1997 йили Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафига қабул қилинди. Энди у бор меҳр-муҳаббатини, ҳаётини, тақдир йўлларини ўта масъулиятли ва шарафли иш бўлган ватан ҳимояси билан боғлади, ҳамиша эл-юрт ишончини оқлашга интилди. Сарҳадларни кўз қорачиғи каби асрар, кўнглида шубҳа уйғотган кимсалар ёхуд воқеликларни эътибордан четда қолдирмасди. Дилшодбек Асанов қалбига, онгу тафаккурига жо бўлган ватанпарварлик, она юртига содиқлик туйғуси унга ҳамиша куч берарди. У командирлар буйруғига сўзсиз амал қилар, улардан ҳарбий тактик машғулотларни мустаҳкамлаш баробарида ҳаётий тажрибаларидан ҳам сабоқ оларди.

2000 йил, август. Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларига ёвуз душманларнинг бостириб келгани ҳақидаги хабар бутун юртдошларимиз қалбига оғриқ солди. Дилшодбек каби ботир ўғлонлар эса ўз хизмат жойларида ҳозиру-нозир эдилар. Тез кунларда душманлар ер билан яксон этилди. Д. Асанов ҳам ана шу ҳудудда олиб борилган жанговар ҳаракатларда сўнгги нафасигача жангарилар билан курашиб, қаҳрамонлик кўрсатди. Тўқнашувлардан бирида мардларча ҳалок бўлди.
Халқимизнинг бундай ўтюрак фарзандлари хотираси мангуга муҳрлангандир. У туғилиб ўсган кўчага номи берилган. Ўқиган 25-умумтаълим мактабида бюсти ўрнатилган.