Ватан – мадҳинг янграсин токи бор жаҳон!
Бугун улуғ кун, ўзини шу муқаддас юрт фарзандиман, уни меҳрибон онамдай, отамдай севиб ардоқлайман, асрайман, деган ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг, ватандошларимизнинг байрамидир.
Бугун улуғ кун, ўзини шу муқаддас юрт фарзандиман, уни меҳрибон онамдай, отамдай севиб ардоқлайман, асрайман, деган ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг, ватандошларимизнинг байрамидир.
Миллий озодликни қўлган киритган, миллий тараққиётнинг тарихий босқичига қадам қўйган ҳар бир халқ ўзи учун Ватанининг шонли тарихи, бугуни ва келажаги, орзу-интилишларини мужассам этган давлат рамзларини қабул қилади. Бу рамзлар давлат суверенитетининг ўзига хос шаҳодатномасидир.
Ватанимизнинг буюк тимсоллари, давлатимиз рамзлари ҳам биз ва келажак авлод учун истиқлолдан қутлуғ нишона, бой маънавий обидадир. Мадҳия – миллатни ҳамиша ўз озодлик йўли, аҳдида собит тутиб турувчи руҳий қувват манбаи ҳамдир. Шунинг учун ҳам тараққий топган дунё халқлари ўз давлатининг мадҳиясини нафақат шодон ва мунаввар кунларида, ҳатто энг заҳматли ва синовли онларида ҳам тик туриб мардона куйлайди. У миллатни, халқни бирлаштирадиган, юксалтирадиган, енгилмас кучга, юксак ирода ва жасорат тимсолига айлантира оладиган қўшиқдир. У озодлик рамзи, унга катта эҳтиром билан қараш ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчидир. Ҳар қандай шараф йўли эса аввало бурчни англашдан, бурчга садоқат ва содиқликдан бошланади.
1992 йил 10 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси” тўғрисидаги қонун қабул қилинган кунни ёши улуғлар ҳаяжон билан эслайди. Бу эрксизлик, ҳуқуқсизлик, камситиш ва таҳқирлашлар ичра яшаб келган халқнинг 130 йил орзиқиб кутган ҳаяжони эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимиз ва хорижий давлатлардаги олий даражадаги учрашувларида, юртимиз вакиллари иштирок этадиган халқаро миқёсдаги сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий йўналишдаги нуфузли анжуманлар, спорт мусобақаларида Давлат байроғи баланд кўтарилиб, мадҳиямиз тантанавор оҳанги таралганда қалбларимиз фахру ифтихорга тўлади. У бу ёруғ дунёда Ўзбекистон деган қутлуғ давлат борлигининг нишонаси бўлиб жаранглайди.
Мадҳия миллатнинг улуғвор туғ, миллий ғояси каби, эзгу нияту дуолари, юксак орзу мақсад ва муддаолари ифода этилган қалб қўшиғи, уйғониш ва юксалиш алёридир. У ифтихор, ғурур, ор-номус, азму шижоат ифодасидир. Унда тарих жам, миллий ўзлик ва ифтихор, мардлик ва қатъият мужассам. Унинг ҳар бир сатри муқаддас тупроғимизнинг ҳар бир заррасидан куч, руҳ шижоат олади. У эрк, озодлик қўшиғи. Ҳар тонгда қуёш уфқдан ер ўпиб бош кўтараётган пайтда у қалбларимиздан қуёш бўлиб кўкка юксалади.
“Серқуёш ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,”
У Ҳақ томонидан офтоб, нур ила сийланган халққа бахт-нажот берган ўлка – Ўзбекистон деб аталмиш, илдизлари неча минг-минг йилларга бориб туташган Ватан ҳақидаги мангу баётдир.
“Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!”
У аввало Ҳақни, оламни, башариятни ўзига дўст деб билган, меҳри ўзидан улуғ элнинг ихтиёрномасидир.
“Яшнагай то абад илму фан, ижод,”
У азалдан абад қадар илму маърифат карвонлари тиним билмайдиган, ижод олами ёруғ нур сочиб турган мангу яшил бўстон Ўзбекистон ҳақидаги саодатномадир.
“Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!”
У ўз шуҳрати билан жаҳон ичра жаҳоний юксаклик топган диёр ҳақидаги, миллий давлатчилик, илму заковат бобида аждодлари оламни маҳлиё этган, эзгуликка мударрислик қилган маърифатли халқ ҳақидаги муаззам жаҳонномадир.
“Олтин бу водийлар – жон Ўзбекистон,”
У тупроғи зар, водийлари олтиндан-да бебаҳо, ҳар бир гиёҳи жонга малҳам, оламларга жон бўлгулик эл ҳақидаги мадҳномадир.
“Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!”
У Широғу Тўмарис, Спитамену Маҳмуд Торобий, Жалолиддин Мангубердию Темур Малик, Амир Темуру темурийлар, бобурийлар каби мардона аждодлари руҳи ҳар қадамда буюкликдан сўйлаётган эл ҳақидаги шижоатномадир.
“Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,”
У бугун қўлида мустақиллик яловини баланд кўтариб шижоатли раҳнамоси бошчилигида тараққиётнинг янги даврига қадам қўйган, “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” дадил ва қатъият билан одимлаб бораётган, кўксида тоғлар яралаётган улуғ халқ қудрати, бунёдкорлиги, илму ижоди жўш ураётган, дунё эҳтиром этаётган давлат ҳақидаги боқий шижоатномадир.
“Оламни маҳлиё айлаган диёр!”
У азму шижоати, шиддати, билан оламни маҳлиё айлаётган, олам эътироф этаётган янги уйғониш даврига қадам қўйган миллат ҳақидаги шаҳодатномадир.
“Бағри кенг Ўзбекнинг ўчмас иймони,”
У қалби иймон ирфон қуёшига уфқу осмон бўлган Бухорийлар, Кубролар, Термизийлар, Нақшбандийлар камол топган, бағридаги 130 дан зиёд миллатлар ҳамжихатлигида якдиллик билан меҳр боғини яратган боғбон эл ҳақидаги эътирофномадир.
“Эркин, ёш авлодлар сенга зўр қанот!”
У ҳар бир фарзанди қалбида Ибн Синолар, Муҳаммад Хоразмий, Абу Наср Форобий, Беруний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоийлар шивирлаб турган, бугун улуғ Ватан қанот бахш этиб янги уйғониш даври сари йўллаётган эл жигарбандлари орзулари ҳақидаги умидномадир.
“Истиқлол машъали тинчлик посбони,”
У ҳар сўзини тинчлик ҳақидаги ният билан бошлаб, тинчлик ҳақидаги тилак билан якунлайдиган, тонгдан оқшом қадар бани одаму оламга тинчлик тилайдиган, эзгуликка посбон, жаҳолат оловини маърифат найсонлари билан ўчирадиган қалби уйғоқ миллатга бахшномадир.
“Хақсевар, она юрт, мангу бўл омон!”
У бунёду яратиғи, адлу инсофу шукронаси билан Ҳақни севган, Ҳаққа-да севимли бўлган, мангулик оламидаги одамий эл ҳақидаги асл таърифномадир.
Эл ва Ҳақ муҳаббатига қовушган устозлар Абдулла Орипов, Мутал Бурҳоновлар бу заминдаги тоғларнинг улуғворлиги, беқиёс неъмат тутаётган замин меҳру саховати, Аму ва Сир дарёларининг туғёнли тўлқинларидан руҳланиб, ҳар заррасида қуёш ўйнаган Қизилқум шивирига қулоқ тутиб, буюк аждодлар нияту мақсадларини дилга кўчирди. Она замин нафаси ила ёзилган бахтнома яратди.
Давлатимиз раҳбарининг “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор, ҳавас қилса арзийдиган буюк аждодларимиз бор, ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва, мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз ҳам албатта бўлади!” деган сўзлари Давлат мадҳиясидаги улуғвор ниятларга қанчалар ҳамоҳанг эканлигини Ўзбекистондаги бугунги янгиланишлар, халқимизнинг азму шижоати яққол намоён этмоқда.
Шукрки, ҳар тонгни осуда осмон остида мадҳиямиз садолари билан қарши оламиз. Қалбимизда янги кунга, истиқлолга ва бугунги тинч-осойишта ҳаётимизга шукроналик, келажакка қатъий ишонч туйғуси жўш уради.
Мамлакатимиздаги янги давр руҳи туфайли давлат рамзлари, миллий қадриятларимизга бўлган эътибор ва эҳтиром ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Бу улуғвор қўшиқ бугун барчамизни улуғ ишларга йўллаётир. Неча асрлар оша шарафли ҳаёт йўлини босиб келаётган мўътабар, эрксевар халқимизнинг мангу озодлик ва ободлик қасидаси, тинчлик қўшиғи олам узра мангу жаранг сочаверсин!
Минҳожиддин МИРЗО,
Республика Маънавият
ва маърифат маркази раҳбари.