Ватан келажаги учун масъулмиз!
Мамлакатнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон турмуш кечириши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ.
Шу маънода, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда юртимизда ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, ёш тадбиркорларнинг истиқболли инновацион ғоялари ва стартап лойиҳаларини рўёбга чиқариш, ишбилармонлик сифатларини ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда.
Бунинг далили сифатида, «Ўзмиллийбанк» АЖ «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси билан ҳамкорликда Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани «Беруний» маҳалласи маданият саройида Тошкент вилоятида фаолият юритаётган маҳаллалардаги ёшлар етакчилари учун маҳаллада ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган cеминар-тренинг бўлиб ўтди.
Семинар давомида Ўзбекистон Миллий банки ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш департаменти масъул раҳбар ходимлари томонидан ёшларга шахсий бизнесни йўлга қўйишдаги имтиёзлар, ёшларнинг инновацион, стартап ва бизнес ташаббуслари, ғояларини қўллаб-қувватлаш, молиялаштириш, бизнес кўникмаларига ўқитиш бўйича янги мавжуд имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек ёш тадбиркорларга тажрибали мутахассислар томонидан психологик ёрдам, инқироздан чиқиб кетиш асосий бизнес вазифаларини ҳал этиш, стратегик режа тузиш, маркетинг, операцион ва молиявий менежмент каби йўналишларда маслаҳатлар берилди.
Ўз навбатида «Ўзмиллийбанк ” АЖ мутасаддилари Тошкент вилояти маҳаллаларидаги ёшлар етакчилари билан биргаликда бандлиги таъминланмаган ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликдаги самарали ишларни бошлаб юборди.
Республиканинг бошқа вилоят ва шаҳарларидаги маҳаллалар ёшлар етакчилари билан учрашувлар давом этмоқда.
«Ўзмиллийбанк» АЖ матбуот хизмати