Андижонда вилоят ҳокимининг ташаббуси билан февраль – “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ойлиги” деб эълон қилинган. Шу муносабат билан айни кунларда вилоятнинг барча ҳудудларида, меҳнат жамоалари, маҳаллалар, таълим муассасаларида шоҳ ва шоир, олим Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллигига бағишланган адабий, маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Андижон ҳудудий филиалида ташкил этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар, Журналистлар уюшмалари вилоят бўлимлари билан ҳамкорликда ўтказилган “Ватан ишқин қалбига жо этган Бобур” деб номланган маънавий-маърифий тадбирда ёзувчилар, журналистлар, филиал ходим ва ишчи-хизматчилари иштирок этди.


Тадбирда сўз олган “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Андижон ҳудудий филиали раҳбари ўринбосари Шаҳноза Ҳомидова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби Фарид Усмон ҳамда бошқалар шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти, фаолияти, ижоди, ўзига хос қирралари хусусида гапирди.


Айниқса, Ватан ишқи, ватан соғинчи билан яшаган, ушбу мавзуни ижодининг бош мавзусига айлантирган улуғ шоирнинг ғазал ва рубоийлари ҳақида алоҳида сўз юритилди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Андижон ҳудудий филиали томонидан мавзу доирасида тайёрланган видеоролик намойиш этилди. Бобурнинг ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқилди.

Тадбир сўнггида ижодкорлар филиал кутубхонасига ўзларининг янги китобларидан совға қилди.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари