Ватан ҳимояси – шарафли ва муқаддас бурч
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг Термиз умумқўшин дала полигонида ҳарбий хизматчилар ва Термиз туманидаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган йигит-қизлар иштирокида “Миллий армиямиз – ёшлар нигоҳида” шиори остида ҳарбий ватанпарварлик фестивали ўтказилди.
Президентимизнинг жорий йил 19январдаги “Маҳаллада ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини доирасида ташкил этилган тадбирда 600 нафардан ортиқ уюшган ва уюшмаган ёшлар иштирок этди.


Фестивалнинг тантанали очилиш маросимида Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи, полковник Пўлатжон Сативалдиев сўнгги йилларда мамлакатимиз Қуролли Кучларида юз берган янгиланишлар Ватанимиз тинчлиги ва сархадларимиз дахлсизлигини таъминлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Армия билан халқ якдил бўлган юртда ҳамиша ҳаёт осуда, турмуш обод ва ёшлар келажаги янада порлоқ бўлиши ҳақида фикр юритди.

Ёшлар учун таассуротларга бой бўлган фестивалда ҳарбий қисмлардаги замонавий техника ва қурол-яроғлар ҳамда фахрий қоравул чиқишлари намойиш этилди. Спортсевар йигит-қизлар ўртасида кураш, тош кўтариш, арқон тортиш, ҳаво милтиғидан нишонга қарата ўқ узиш бўйича ўтказилган мусобақа ғолиблари Термиз туман ҳокимлиги ва Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғининг эсдалик совғалари, фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.


–Ватанни ҳимоя қилиш, унинг бир ҳовуч тупроғини ҳам асраб-авайлаш ҳамиша шарафли ва муқаддас бурч саналган, – дейди Термиз гарнизони III даражали сержанти Акбар Аҳмедов.– Мазкур фестивал ҳам ёшлар онгу-шуурида ана шундай юксак туйғуни янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Дала-ўқув майдонида ҳарбийлар ҳаёти билан яқиндан танишган кўплаб уюшмаган ёшлар қалбида Ватан ҳимоячи бўлишга ҳавас ва иштиёқ ўйғонди.


Тадбир якунида “Қурбонов Жўрабек” савдо хусусий корхонаси ошпазлари байрамона дастурхон ёзиб, иштирокчиларни миллий таомимиз–ош билан меҳмон қилди.
Эл суйган бахшилар ижро этган терма ва халқ достонларидан парчалар, санъаткорларнинг дилрабо куй-қўшиқлари барчага қувонч улашди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири