Ватан ҳимоячиларининг яшаш шароитлари яхшиланмоқда
Юртимиз тинчлиги, мамлакатимиз хавфсизлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини ўз зиммасига олган Ватан ҳимоячиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида қаралмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил 18 январда имзоланган қарорда Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимлари учун замон талабларига жавоб берадиган янги турар-жойлар қурилиши белгиланган эди.
Хусусан, Наманган шаҳридаги Давлатобод тумани ҳудудида 2020 йилда “Қишлоқ қурилиш инвест” масъулияти чекланган жамияти томонидан 5 қаватли намунавий лойиҳалар асосидаги 90 хонадондан иборат учта кўп қаватли уй барпо этилди. Мазкур уй-жойларнинг 60 таси ҳарбий хизматчи, 15 таси Миллий гвардия ва яна шунчаси ички ишлар органи ходимлари учун ажратилди.
Уччала уйнинг умумий қиймати 15 миллиард 300 миллион сўмни ташкил этиб, уларга муҳандислик-коммуникация тармоқлари тортиш учун 1 милилард 800 миллион сўм маблағ сарфланди.
[gallery-746]
Мазкур уйларнинг фойдаланишга топшириш маросимида сўзга чиққан Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов, Миллий гвардия қўмондонининг биринчи ўринбосари, полковник Бекмурод Абдуллаев, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник Лутфулло Бузруковлар юрт посбонларини янги уйлар ҳамда яқинлашиб келаётган сана - Ватан ҳимоячилари куни билан табриклаб, эзгу тилакларини билдирдилар. Нуронийлар дуога қўл очиб, диёримизда тинчлик ва осудалик, фаровонлик, бунёдкорлик ишлари барқарор бўлишини тиладилар.
- Биз ҳарбийлар учун элимиз тинчлиги билан бирга оиламиз ҳаловати ҳам муҳим масала ҳисобланади. Салкам 20 йилга яқин хизмат фаолиятимнинг 15 йилдан ортиғини аёлим ва фарзандларим билан бирга ижарама-ижара ўтказишга тўғри келди. Янги йилнинг дастлабки кунларида ўз уйимизга эга бўлганимиз эса орзулар рўёби бўлди, - дейди Мудофаа вазирлиги қошидаги ҳарбий қисм командири Рустамжон Ғаниев.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, “Юксалиш” массивида сўнгги уч йил мобайнида Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари, Миллий гвардия хизматчилари ва Ички ишлар органлари ходимларига жами 450 хонадондан иборат 15 та кўп қаватли намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар барпо этилиб, эгаларига топширилди. Бунинг учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 61 миллиард сўм сарфланди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА