Ватан ҳимоячиларининг ота-оналарига эҳтиром кўрсатилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах шаҳрида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари сафида муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтаётган бир гуруҳ жиззахлик йигитларнинг ота-оналарига миннатдорчилик хатлари тантанали равишда топширилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар давлат ва жамият ривожи ёш авлоднинг маънавий камолоти ва ватанпарварлик туйғуси билан чамбарчас боғлиқ эканини таъкидлади. Она юрт сарҳадларини мардона ҳимоя қилаётган ўғлонларни тарбиялаган оилаларга миннатдорлик билдирилди.
Маросим давомида Чегара қўшинлари раҳбарияти томонидан йўлланган ташаккурномалар ўқиб эшиттирилди ва аскарларнинг ота-оналарига тантанали равишда топширилди.
[gallery-27742]
— Бугунги кун оиламиз учун унутилмас воқеа бўлди, - дейди Зокир Мамаризаев. — Фарзандимнинг ҳарбий хизматда кўрсатаётган интизоми ва садоқати давлат даражасида эътироф этилаётгани биз учун юксак шараф. Бундай эътибор хизматдаги ўғлонларга янада куч ва масъулият бағишлайди.
Қайд этилишича, айни пайтда Чегара қўшинларида хизмат қилаётган 23 нафар жиззахлик йигит ўз бурчига садоқати ва намунали интизоми учун шундай эътирофга лойиқ кўрилган. Улар юклатилган вазифаларни масъулият билан бажариб, ҳарбий интизом борасида ҳам тенгдошларига ўрнак бўлиб келмоқда.
Маросим якунида ёшлар билан учрашув ташкил этилиб, ҳарбий хизматнинг шарафли экани ва ватанпарварлик фазилатлари хусусида фикр алмашилди.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА