ВАТАН ХИМОЯЧИЛАРИ ШАРАФЛАНДИ
Жиззах вилоятида Ватан ҳимоячилари куни ва мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 29 йиллиги муносабати билан байрам тадбирлари бўлиб ўтди.
Байрам Жиззах шаҳридаги Хотира хиёбонида Иккинчи жаҳон урушидаги буюк жасорати ёдга олиниб, хурмат бажо келтириш билан бошланди. Вилоят, шаҳар хокимлиги, вилоят мудофаа ишлари бўйича бошқармаси, марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, ҳарбий қисмлар, Ёшлар иттифоқи ва бошқа давлат ҳамда жамоат ташкилотлари номидан Хотира хиёбонидаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.
Сўнг Жиззах гарнизони, Миллий гвардия, ички ишлар ҳарбий қисмларининг байрам шарафига саф юриши бўлиб ўтди.
Байрам тадбирлари вилоят ҳокимлигининг мажмуалар саройида давом эттирилди. Тадбирда вилоят ҳокими Эргаш Солиев Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригини ўқиб эшттирди.
[gallery-792]
Мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг мудофаа қудрати ва ҳарбий-техник салоҳиятини юксалтириш, давлат хавфсизлиги ва чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, профессионал миллий армияни шакллантириш ва нуфузини оширишдаги катта хизматлари, жамиятда тинчлик-осойишталик ҳамда жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги самарали меҳнати учун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланганлар қаторида бир гурух жиззахлик ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳам бор.
Тадбирда вилоят ҳокими мукофотларни эгаларига топширди.
Байрам таниқли эстрада ҳонандалари ва ҳарбий санъаткорларнинг катта концерти билан давом этди.
Т.БЕКНАЗАРОВ.
Ж.ЁРБЕКОВ (суратлар).