Ватан фидойиларининг номи унутилмайди
Музей экскурсоводлар раҳбари Азиза Аҳророва тадбир иштирокчиларига музейдан жой олган ҳар бир экспонат, унинг тарихи ҳақида атрофлича маълумот берди.
Президентимизнинг жорий йил 8 октябрь куни қабул қилинган “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши мустабид тузум томонидан қатағонга учраган элпарвар ўғлонлар, илм-фан, адабиёт вакиллари, оддий касб эгалари бўлган минглаб юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш, уларнинг матонати ва жасорати мисолида ёш авлодимизни Ватанга садоқат ва муҳаббат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур фармойишда белгиланган вазифалар доирасида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан тизимли ишлар олиб бориляпти. Вазирлик ташаббуси билан “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамкорлигида Тошкент шаҳридаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасида “Қатағон қурбонлари – Ватан фидоийлари” мавзуидаги туркум тадбирнинг навбатдагиси шулар жумласидандир. Унда суронли йилларни бошларидан кечирган бир гуруҳ нуроний отахон ва онахонлар, уруш ва меҳнат фахрийлари, таниқли илм, фан ва санъат намояндалари билан бирга бир гуруҳ ёшлар иштирок этди.
Тадбир қатнашчилари дастлаб “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Қатағон қурбонлари хотираси” давлат музейи экспонатлари билан танишдилар. Музей экскурсоводлар раҳбари Азиза Аҳророва тадбир иштирокчиларига музейдан жой олган ҳар бир экспонат, унинг тарихи ҳақида атрофлича маълумот берди.
“Нуроний” жамғармаси фаоли, ҳарбий шифокор Искандар Раҳмонов, Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган маданият ходими Муқаддас Абдусаматова тарихий маълумотларни холис ва ҳаққоний ўрганиш, кўп миллатли халқимизнинг фидойи фарзандлари, маърифатпарвар аждодларимиз ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ҳақиқатни тўла юзага чиқариш, бугунги озод ва обод ҳаётимиз қадрига етишни ёш авлодга етказишда нуронийларимизнинг ўрни, ҳаётий тажрибалари, тарихий ўгитлари ниҳоятда муҳим эканлиги ҳақида алоҳида тўхталди.
Иштирокчиларда, айниқса, қатағон қурбонлари ҳақида ўзбек киноижодкорлари томонидан тайёрланган “Катта қирғин” ҳужжатли фильми ўзига хос таассурот қолдирди.
– Ўзим Юнусобод туманида яшасам-да, Шаҳидлар хотираси мажмуасига ҳали ташриф буюрмаган эдим, – деди тадбир иштирокчиси, Буюк Турон маҳалласи фаоли Насиба Мақсудова. – Не-не машаққатлар, синовли кунлар ва минглаб ватанпарварлар ҳаёти эвазига етишган бугунги дориломон ҳаётимизнинг қадрига етиш, Ватанимиз равнақига баҳолиқудрат ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканлигига яна бир бор амин бўлдим. Энг асосийси, ушбу даргоҳга ўғил-қизларимиз, набираларимиз билан келиб, уларни музей экспонатлари, аждодларимиз ҳақидаги тарихий ҳақиқат билан яқиндан таништириш биз, бобо ва бувиларнинг вазифамиз эканлигини дилимизга мақсад қилиб қайтяпмиз.
Бу каби маърифий тадбирлар мамлакатимизнинг турли ҳудудларида бўлиб ўтмоқда.

