“Ватан фидойилари” рамзий монументи концепциясини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон Бадиий академиясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида "Ватан фидойилари" рамзий монументининг бадиий ва ғоявий концепциясини янада такомиллаштиришга бағишланган навбатдаги ишчи йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда аввалги босқичда билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида қайта ишланган ҳамда янги ғоялар билан бойитилган эскиз лойиҳалари кўриб чиқилди. Ишчи гуруҳ аъзолари монумент нафақат юксак бадиий савияга эга бўлиши, балки халқимизни бирлаштирувчи, миллий бирлик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи, Ватанга садоқат, фидойилик, тинчлик ва бунёдкорлик ғояларини чуқур ифода этувчи рамз сифатида шаклланиши лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек, монумент композициясида тарихий мерос ва замонавий тараққиёт уйғунлиги, инсон қадрини улуғлаш, дўстлик, бағрикенглик ва умумхалқ бирдамлиги каби умуминсоний қадриятларни бадиий воситалар орқали ёрқин акс эттириш юзасидан қатор фикр ва таклифлар билдирилди.
Йиғилиш якунида эскиз лойиҳаларини билдирилган тавсиялар асосида янада такомиллаштириш ҳамда якуний концепцияни пухта шакллантириш бўйича тегишли вазифалар белгиланди. Таъкидланганидек, яратилажак “Ватан фидойилари” рамзий монументи халқимизнинг миллий ғурури, Ватанга муҳаббати ва Янги Ўзбекистон бунёдкорлари тимсолини ўзида мужассам этган юксак бадиий асар бўлиши кўзда тутилмоқда.
Н.Усмонова,
ЎзА