Ватан остонадан бошланади. Бу сўзларда чуқур ҳикмат бор. Чунки туғилиб ўсган жойингни улуғлар экансан, Ватан деган муқаддас саждагоҳни севган, улуғлаган бўласан. Фарғонанинг эл севган адиблари Эркин Воҳидов, Охунжон Ҳакимов, Анвар Обиджон, Баҳодир Исо ижодининг бош мавзуси ҳам Ватан туйғуси эди.
Иқбол Мирзо, Малика Мирзаева, Мақсуда Эгамбердиева каби етук шоир ва шоиралар ҳам Ватанни мадҳ этувчи ўлмас мисралар битмоқда. Улар сафида иқтидорли шоира, ўнлаб шеърий тўпламлар муаллифи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Зуҳра Алиеванинг муносиб ўрни бор.

Зуҳра Алиевани Қувада танимаган инсон йўқ. У Ватан шайдоси. Унинг шеърлари аллақачон эл севган қўшиқларга айланган. Қаерда бўлмасин иззат-икромда. Шогирдлари қуршовида. “Надимий” номидаги адабий тўгаракдан бир неча шогирд қизлари Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди. Шоира ҳаётга ҳамиша теран кўз билан қарайди. Замондошлари ютуғидан фахрланади. Юртдаги ўзгариш, бунёдкорликларни олқишлайди. Ва албатта қалб эҳтиросларини қоғозга битади, илоҳий сатрларга жойлайди.


– Муҳтарам Юртбошимизнинг Фарғонага ташрифлари чоғида берган тавсиялари, кўрсатган йўл-йўриқлари асосида Қува кундан – кунга чирой очяпти, – дейди шоира Зуҳра Алиева. – Марказий хиёбон, осмонўпар уй-жойлар, Хўжампошшо зиёратгоҳидаги ўзгаришларнинг ўзи инсонга ўзгача ғурур бағишлайди. Биз мана шу юртни гўзал, обод тарзда фарзанд ва набиралар, келгуси авлодларга қолдиришимиз керак.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/vjdq2EQSvgo" title="Vatan desam yonar yuragim!" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов(сурат, видео), ЎзА мухбирлари