ФОТОРЕПОРТАЖ
Баҳор – янгиланиш ва гўзаллик фасли. Табиати гўзал, бағрикенг халқимиз уни Наврўз билан қарши олади. Азалдан бу байрам халқимиз учун нафақат янги йилнинг бошланиши, балки бирдамлик, ҳамжиҳатлик ва эзгу ниятлар айёми сифатида қадрланиб келган.
Айни шу кунларда юртимизнинг турли гўшаларида халқ сайиллари, миллий анъаналарни улуғловчи тадбирлар ўтказилади. Ана шундай файзли тадбирлардан бири Республика маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилояти бўлими ташаббуси билан Шеробод тумани Вандоб маҳалласида жойлашган “Бешбулоқ” болалар дам олиш оромгоҳида ташкил этилди.
Бу галги тадбирнинг асосий ўзаги – сумалак сайли бўлди.
Сумалак – нафақат баҳор таоми, балки аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган эзгу анъана. У аҳиллик ва ҳамжиҳатлик тимсоли сифатида қадрланади. Сумалак қайнатиш жараёнида инсонлар биргаликда меҳнат қилиб, бир-бирига илиқ тилаклар йўллайди.
Шерободда ташкил этилган сайилда улкан дошқозонда сумалак тайёрланди. Буғдой ундириш ва сумалак пишириш сир-асрорлари ҳақида қизиқарли суҳбатлар олиб борилди. Тадбир қатнашчилари биргаликда сумалак ковлаб, миллий анъаналаримизга хос меҳр-муҳаббат ва бағрикенгликни ҳис қилишди.
– Жамоамиз билан сумалак сайлини ўтказиш яхши анъанага айланган, - дейди Республика маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари Наргиза Раҳматуллаева. – Бу йил ҳам ушбу файзли тадбирда кўпчилик биргаликда меҳнат қилди, кулгу, шодлик, бирдамлик ҳукм сурди. Шундай тадбирлар кўпроқ ўтказилса, аҳиллик, дўстлик янада мустаҳкамланади.
[gallery-22442]
Байрамона безатилган ҳовлида миллий куй-қўшиқлар жаранг сочди, миллий либосдаги йигит-қизлар Наврўз ва сумалак сайли ҳақидаги қадимий ривоятлар билан танишди.
Тадбир самимий ва кўтаринки кайфиятда ўтди, йиғилганлар қалбида эзгулик, яхшилик ва бирдамлик ҳисси уйғонди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА