Валюта операцияларига доир қоидалар белгиланмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда депутатлар томонидан “Тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизими ҳамда шартномавий муносабатларнинг такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Фуқаролик кодексининг 733-моддасига фуқаролар ўртасида қарз шартномасидаги қарз суммаси чет эл валютасида белгиланган бўлса, ушбу шартнома ёзма шаклда тузилиши ва нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши шартлигига, шунингдек, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонуннинг 17 ва 18-моддалари жисмоний шахслар чет эл валютасида қарз шартномасини нотариал тартибда тасдиқлаш орқали валюта операцияларини амалга оширишлари мумкинлигига доир қоидалар белгиланмоқда.

Фракция аъзолари қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини ва таклифларини билдирдилар. Савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, йиғилишда “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлган йиғилишда кун тартибидаги масалалар бўйича фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА