Бундан 4-5 йил аввал хорижий валюталарни эркин сотиб олиш фуқаролар учун ушалмас орзу эди.
Ўшанда республикамизда амалда 2 та: давлат ва «қора бозор» валюта курслари муомалада бўлган. Улар ўртасидаги фарқ катта бўлиб, оддий фуқароларга давлат курсида валюта сотиб олиш эртак эди.
Мижозлар банклардан кўра, «қора бозор»дан доллар айирбошлашни маъқул кўришарди, негаки, банкларда (5 йил аввал) тахминан 2821,43 сўмни, «қора бозор»да 5300 сўмдан 6100 сўмгача харид қилиш ва сотиш имкони мавжуд эди. Шу сабаб, фуқаролар банкдан кўра қора бозорни маъқул кўришарди.
Ваҳоланки, банкдан валюта сотиб олишга келганда, исташса ҳам олишолмасди.
Буни била туриб ҳам ҳарна 2 баробар ортиқчаси билан алиштиряпмиз-ку дея, «қора бозор» билан муносабатни узишни истамасдик. Бу ҳам яширин ҳолда амалга ошириларди, чунки валюта айирбошлаб турган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари келиб қолса, ҳам валютадан ҳам сўмдан ажралиб қолиш ҳеч гап эмасди...
Одилона сиёсат орқали валюта бозори эркинлаштирилиб, нақд пул билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди. Натижада “қора бозор”га бироз бўлса-да чек қўйилди.
Бу «бозор»даги пул айланмалари ҳажми бирданига эмас, балки аста-секинлик билан камайиб бормоқда. Катта эҳтимол билан эса анча вақт амалда бўлиб туради, боиси валюта айирбошловчи мижоз банкоматдаги кўнгилсизликлар сабаб «қора бозор»га мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.
Балки, «қора бозор» мавжуд бўлишидан манфаатдор яна бир томон вакиллари мавжуддирки, бу ҳолатни тезкорлик билан тўхтатиб бўлмаётгандир?
Энг қизиғи сўраб-суриштирилганда кўплаб валютафурушлар вақтинча ишсиз бўлиб чиқмоқда.
Уларнинг аксарияти ўрта махсус маълумоти бўла туриб, бирор ишнинг қўлини тутмаган фуқаролар экани эса...
ДОЛЛАР АЛМАШТИРИШДА ЮЗ БЕРАЁТГАН АСОСИЙ МУАММОЛАР
Бугун ижтимоий тармоқларда доллар айирбошлаш билан боғлиқ ҳолатлар турли муҳокамаларга сабаб бўляпти. Масалан, дам олиш кунлари айирбошлаш шахобчаларининг ишламаслиги ҳам дилни хира қилади.
Яна бир муаммо шуки, “Ягона Умумреспублика процессинг Маркази”нинг 2021 йил 20 сентябрдаги 919-сонли хатига асосан, барча “UZCARD” қатнашчилари учун 100 ва 50 АҚШ доллар номиналли пулларни айланмасини вақтинчалик тўхтатганини маълум қилган.
Бунга сабаб қилиб, “UZCARD” банкоматлар тизимида 50 ва 100 АҚШ долларлик номиналлик пулларда, қалбаки пуллар айланмаси ҳам қайд этилгани кўрсатилган.
Савол туғилиши табиий, қизиқ, валюта айирбошлаш банкоматлари наҳотки валютанинг қалбаки ёки қалбаки эмаслигини текшира олмаса?
Истеъмолчиларни қийнашнинг кимга кераги бор?
МУАММО БИР ЭМАС...
Ҳар бир муаммо ўзидан-ўзи пайдо бўлиб қолмайди. Юқоридаги фикрларимизда биз бир ёқлама муаммо ҳақида гапирдик, лекин танганинг иккинчи томони бўлгани каби, масаланинг ҳам иккинчи тарафи мавжуд.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларин ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг “1091” ишонч телефони орқали ҳам мазкур ҳолат бўйича келиб тушаётган мурожаатлар бу мавзуга қўл уришга ундади.
Келиб тушаётган мурожаатлар асосан икки хил кўринишда.
Бири, банкоматларнинг 50 ва 100 $ кўринишидаги валюта қабул қилмаслиги бўлса, яна бири, банк кассалари ва банкоматлар ўртасидаги валюта айирбошлаш билан боғлиқ тафовутдир.
Банкоматлар орқали айирбошлаш ишлари олиб борилганида қийматидан 10-15 минг сўм кам маблағ берилади.
Сабаби сўралганда эса яхлитликни ушлаб туриш учун деб қўя қолишади.
Буларнинг ҳаммаси гўё ғалати аксиомага ўхшайди.
БАНКОМАТМИ ЁКИ БОНКАМАТ?
Банклар ҳам хизмат кўрсатувчи соҳалардан бири ҳисобланади, бироқ, бугунги глобаллашув жараёнида мазкур хизматнинг доимий тарзда ишламаслиги бироз бўлса-да одамларнинг эътирозига сабаб бўлади.
Хоҳ у бизнесмен бўлсин, ёки давлат ишида ишловчи ходим бўлсин, банк хизматларидан ҳафтанинг 5 кунида фойдалана олади холос, у доимий тарзда ишдан чиқиб, банкка бора олмайди. Ваҳоланки, улар учун дам олиш куни қулай. Афсуски, бизда доим банкоматлар талаб даражасида ишламаган. Ё банкомат ишламай қолади, ёки етарлича маблағ билан таъминланмаган бўлади. Борингки, валютани ютиб юбориш каби ҳолатлар ҳам учраб туради.
Масалан, исталган мамлакатга борганингизда турли кўринишдаги купюраларга рўпара бўласиз, айирбошлаш учун эса тун-у кун банкоматлар ишлаб туради. Ёки дам олиш кунларида валюта айирбошлаш шахобчалари ҳам ишлаб туриши бор гап.
Дейлик, дори олиш мақсадида кўчага чиққан фуқаро ноиложликдан валюта айирбошлаш учун банкоматга боради, лекин банкомат пулни ютиб юборди...
Ноилож қолган фуқаро ишонч телефонларига мурожаат қилганда эса 3 иш кунида пуллари қайтарилишини маълум қилишади.
Бироқ бемор 3 кун кута оладими?
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
жамиятлари федерацияси Матбуот хизмати