Вафо ва садоқат куйчиси (+видео)
Навоий вилояти Кармана туманидаги 13-умумтаълим мактабида вафо ва садоқат тимсоли, шоира Зулфия Исроилова таваллудининг 109 йиллиги муносабати билан “Баҳор келди сени сўроқлаб” мавзусида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Ўзбек шеъриятининг оташнафас шоираларидан бири, инсон руҳияти дунёсининг бетакрор куйчиси Зулфияхонимни билмайдиган, унинг бирор шеърини ёд олмаган замонамиз ёшлари бўлмаса керак. Севимли шоирамиз ўз шеърлари билан бугунги авлодни нафосатга, эзгуликка ошно этиб, оппоқ тонг сари етаклаб, қалб ҳарорати билан иситиб келмоқда. Шу сабаб, мамлакатимизда ҳар йили Ўзбекистон халқ шоираси Зулфияхоним таваллуд топган кун – 1 мартни кенг нишонлаш анъанага айланган.

– Жорий йилда Зулфия таваллудининг 109 йиллиги кенг нишонланмоқда, – дейди Шаҳзода Ғаффорова. – Сана муносабати билан иншолар танлови, “Балли қизлар” беллашуви ўтказилди. Уларда муносиб иштирок этган қизлар муносиб тақдирланди. Биз Зулфияхоним авлоди, шундай инсоннинг издоши эканлигимиздан фахрланамиз.
Эъзозлар, ардоғлар учун ташаккур,
Асли Сиз офтобим, мен зиёсиман.
Тонгларингиз кулсин дориломон, ҳур,
Бахтим шул – Ўзбекнинг Зулфиясиман.
[gallery-16145]
Тадбирда баҳор ва эзгулик куйчиси Зулфияхонимнинг ўзбек адабиётида тутган ўрни, инсоний фазилатлари, қолдирган бой маънавий мероси хусусида сўз юритилиб, шоиранинг ибратли ҳаёти, бетакрор ижоди ва садоқати ҳақиқий ўзбек аёлининг тимсоли эканлиги алоҳида таъкидланди.
– Зулфияхоним ижоди бизни ҳамиша шукроналикка, ватанпарварликка, садоқат ва меҳр-муҳаббатга чорлаб келади, – дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Маҳбуба Жалилова. – Шоиранинг ҳаёт йўли ва ижодий фаолияти бугунги ёш авлод учун ибрат мактабидир. Мактабимизда ташкил этилган “Зулфияхоним издошлари” бурчагида севимли шоирамизга ҳавас қилиб қалам тебратаётган, уларнинг издоши бўлишга интилаётган ўқувчиларимизнинг ижодий намуналарига кенг ўрин ажратилган. Бизнинг асосий мақсадимиз Зулфияхоним издошлари сонини кўпайтириш, унинг асарлари ва шеърларини ўқувчилар орасида кенг тарғиб қилишга қаратилган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/TFMOjIpoTi8" title="Vafo va sadoqat kuychisi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Тадбир доирасида мактаб ўқувчилари томонидан Зулфия шеърларидан намуналар ўқилди, саҳна кўринишлари, ижодий чиқишлар, куй-қўшиқлар намойиш этилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат,видео),
ЎзА мухбирлари