Узунда дарахт кушандаси ушланди
Сурхондарё вилояти экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси назоратчилари Узун туманида навбатдаги тезкор рейд тадбирини ўтказаётганида кесилган дарахт таналарини ортиб ҳаракатланаётган юк машинасига дуч келди. Транспорт воситаси тўхталиб, суриштирув ишлари бошланди.
Ўрганиш чоғида дарахтлар ўтин учун кесилгани ва Узун туманидаги Обод юрт маҳалласида яшовчи Азимбой Жовлиев (исм-шарифлар ўзгартирилди)га тегишли экани маълум бўлди. Шунингдек, автотранспорт воситасига юкланган терак дарахтининг олтитаси Файзабод маҳалласилик Сувон Толибов томорқасидан ва учта ўсиб турган ҳамда битта ўсувчанлигини йўқотиб, қуриган терак дарахти маҳалладан оқиб ўтувчи канал бўйидан кесиб олингани аниқланди.


Ҳолат юзасидан Азимбой Жовлиевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 10 миллион 300 минг сўм жарима қўлланилди. Ноқонуний дарахт кесиш оқибатида табиатга 6 миллион 386 минг сўм зарар етказгани ҳисоб-китоб қилинди.


Вилоятда “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатининг баҳорги мавсуми бошланиб, жойларда янги боғ-роғлар яратилаётган шу кунларда Азимбой Жовлиев ўзбошимчалик билан ғайриқонуний кесган ўн туп дарахти учун қарийб 17 миллион сўм жарима тўлайдиган бўлди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири