Узумини енгу кўчатини суриштиринг (+видео)
Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Самарқанд илмий тажриба станцияси тасарруфидаги 220 гектар ер майдонида боғ ва токзорлар, жумладан, 30 гектарда кўчатхоналар мавжуд.
Жорий мавсумда бу ерда ўн турдан ортиқ 650 минг туп мевали дарахт кўчати ва 450 минг дона ток кўчати тайёрланди.
– Илмий-тажриба станциямизда ўтган йили куз ва бу йил баҳорги экиш мавсумида 1,5 миллион туп кўчат тайёрлаб, деҳқон ва фермер хўжаликлари, корхона ва ташкилотлар ҳамда аҳолига сотишни йўлга қўйганмиз, – дейди илмий тажриба станцияси бош агрономи Жамшид Расулов. – Бу кўчатлар асосан Самарқанд вилоятининг, шунингдек, бизнинг доимий мижозларимиз бўлган қўшни вилоятларнинг тупроқ ва иқлим шароитидан келиб чиқиб яратилган. Ҳар бир кўчат белгиланган стандартларга жавоб беради ва нав сертификатларига эгамиз. Бошқа кўчат етиштирувчилардан фарқли равишда биз қайси ҳудудга қайси мевали дарахтни экиш тўғри келиши, иқлимига мослиги бўйича ҳам тавсия бериб, уч йилгача уларга агротехник тадбирларни қандай амалга ошириш бўйича ёрдам берамиз. Ҳозир бизда олманинг янги – “Пинк леди”, “Жереми”, “Грансмид”, “Гала” сингари серҳосил ва истиқболли навлари, ММ-106 пайвандтагли кўчатлар мавжуд.
Илмий тажриба станциясидаги боғ ва кўчатхоналарда доимий равишда илмий изланишлар олиб борилади. Илмий ходимлар хориждан келтирилган ва истиқболли маҳаллий навлар асосида мевали дархтлар ва узумнинг янги навларини яратиш билан шуғулланади. Шу боис ташкил этилганига етмиш йил тўлаётган муассасада шу пайтгача олма, нок, узум, шафтоли, гилоснинг кўплаб янги навлари яратилди.
– Илгари илмий-тажриба станциямизда мевачилик, узумчилик, гулчилик, қайта ишлаш, кўчатчилик сингари бўлимлар мавжуд эди, – дейди катта илмий ходим Бахтиёр Мирзоҳидов. – Ҳозирги кунда мевачилик, узумчилик ва кўчатчилик бўлимлари фаолият олиб бормоқда. 220 гектар мева боғ, токзорларимиз бор. Барчаси илмий тадқиқотлар, изланишларга асосланган. Селекцион изланишларимиз доимий равишда давом этади, бир қатор лойиҳалар устида иш олиб боряпмиз. Масалан, охирги йилларда нокнинг бир қатор янги навлари яратилди, улар орасида “Фаризий”, “Азамат” навларига 2024 йилда патент олинди. Айни пайтда яна бир янги эко навга талаб юқори бўляпти, республика бўйича келиб кўчат олиб кетишяпти. Бу нав бўйича оналик боғлардан ҳар йили куртакларини олиб, пайванд қилган ҳолда 100-200 минг кўчат етиштирмоқчимиз. Бу навга маҳаллий аҳоли “Дюшес” деб ном қўйган. Аввалги навларга қараганда совуққа, касалликларга анча чидамли. Бундан ташқари, зардоли (ўрик) бўйича ҳам жуда катта илмий изланишлар, селекция ишлари олиб борилган ва бу ишлар бугун ҳам давом этмоқда. Айни пайтда биз гуллаш даври кечроқ бошланадиган ва баҳорда юзага келадиган совуқларга чидамли навларни яратиш устида иш олиб боряпмиз. Чунки кўриб турибмиз, кейинги йилларда иқлим ўзгаришлари туфайли февраль, март ойларида ҳаво бирдан исиб кетиб, ўрик дарахтлари эрта уйғониб, гуллаяпти. Кўп ҳолларда апрель, ҳатто май ойларида кириб келадиган совуқ ҳаво оқими таъсирида бу дарахтлар ҳосилини совуқ уриб кетиши кузатилмоқда. Шунинг учун бу борада жиддий изланишлар кетмоқда.
Самарқанд илмий тажриба станциясида кейинги йилларда олманинг хориждан келтирилган 54 та нави орасидан 4 таси юртимиз иқлим ва тупроқ шароитига мослаштирилиб, кўпайтирилмоқда. Янги навлар серҳосил ва экспортбоплиги билан қисқа вақтда боғбонлар орасида ҳам, бозорда ҳам ўз ўрнини топди.
[gallery-22248]
– Бизнинг вазифамиз энг яхши навларни парваришлаб, республикада оммалаштириш, – дейди Бахтиёр Мирзоҳидов. – Лекин бу осон эмас, илмий иш узоқ давом этадиган жараён. Йиллар давомида об-ҳавонинг ҳар йили турлича бўлишини ҳисобга олиб ишлашга тўғри келади. Масалан, ўзим узумчилик бўйича ўн йилда битта нав яратдим. Яхши биласиз, узумчилик бизнинг мамлакат қишлоқ хўжалигининг асосий тармоқларидан бири. Бу борада жуда катта имконият, салоҳиятимиз бор. Аммо бугун иқлим ўзгармоқда, бозорда талаб ва таклиф ўзгаряпти – шундан келиб чиқиб экспортбоп, яхши даромад берадиган янги навларни яратишимиз зарур. Масалан, бизда яратилган “Ризамат” навли узум бугун бутун республикамизда етиштирилмоқда, хорижга ҳам катта миқдорда экспорт қилинади. Ёки бизнинг узумзорларимизнинг асосий қисмини ташкил этадиган тойфи, данаксиз оқ ва қора кишмишга ҳам бугун талаб ошиб бормоқда. Ўзимиз ҳам бундай майдонларни кенгайтиряпмиз. Булардан ташқари, бизнинг илмий изланишларимиз маҳсули бўлган катта данакли “Мотурудий”, “Самарқанд”, “Малика”, “Сўғдиёна” сингари янги навлар ҳам бугун катта-катта майдонларда парваришланиб, боғбонларларимиз бундан яхши даромад қилмоқда, бозорларимиздан йил давомида узум, майиз узилмаяпти.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/2n4f-rxZP7k" title="Uzumini yengu ko‘chatini surishtiring" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Бугун академик Маҳмуд Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Самарқанд илмий тажриба станцияси кўчатхонасидан юртимизнинг турли ҳудудларига кўчат олиб кетишмоқда. Тажриба станцияси ходимлари ўзлари яратган ва синовлардан муваффақиятли ўтган мевали дарахт ва узум кўчатларини тўла ишонч ва кафолат билан харидорларга таклиф этмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари