Фестиваль Сурхондарё вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармаси, Олтинсой тумани ҳокимлиги ва бошқа ҳамкорлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 27 майдаги “Сурхондарё вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди.
Тадбир журналист ва блогерлар учун ташкил этилган пресс-тур билан бошланди. Марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар дастлаб тумандаги “Хушбекжон Соҳибкор” фермер хўжалиги узумзорида бўлиб, боғбонларнинг офтоби майиз тайёрлаш жараёнлари билан танишди.
Тажрибали боғбон Нушнудбек Норбоевнинг 2,80 гектар майдонда воиш усулида Ризамат ота, мерс, гўзал қора навли узум токларини экиб, парваришлаётганига тўрт йил бўлмоқда. Боғбон жорий йилда илк ҳосилни йиғиб олаётир. Шу ерда фермер ер токка нисбатан узумни воиш усулида етиштириш ва узум ҳолида сотишдан кўра майиз тайёрлаб савдога чиқаришнинг афзалликлари ҳақида маълумот берди.
Пресс-тур қатнашчилари Экраз маҳалласидаги “Хафизулло Ўралов” фермер хўжалигининг 12,1 гектар майдондаги узумзорида симли ишком усулида етиштирилаётган жовуз, тойфи ва ҳусайни узумларини парваришлаш, сақлаш, йиғиб олиш жараёнлари, узумнинг шифобахш хусусиятлари ҳақида етарли маълумотга эга бўлди.
– Мўл ва сифатли узум етиштириш боғбондан йил ўн икки ой бетиним меҳнат қилишни талаб этади, – дейди фермер Ғофур Омантурдиев. – Жовуз нави майизбоп, ҳусайни маҳаллий бозорда харидоргир, иссиқ ва совуққа ҳам чидамли тойфи эса экспортбоп узум саналади. Ҳозиргача боғдан 60 тоннадан ортиқ ҳосил йиғиб олдик. Унинг 25 тоннасини хорижга экспорт қилдик. Қолган қисми маҳаллий бозорда сотилмоқда. Тойфи навининг яна бир хусусияти у янги йилгача токда етилиб туради. Боғимиз катта йўл бўйида жойлашгани учун автомобилда қўшни давлатга ўтаётган, вилоятимизга келган хорижликлар ҳам харид қилишади. Йиғиб олингач, совутгичларда март-апрел ойигача болдек ширин таъмини ўзгартирмай сақлаш мумкин.
Олтинсой тумани агро, эно, зиёрат ва тиббий туризмни ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга ҳудуд. Журналист ва блогерлар Кичик Вахшивор қишлоғидаги Мавлоно Муҳаммад Зоҳид, Катта Вахшивордаги Сўфи Оллоёр зиёратгоҳларида бўлиб, туманнинг зиёрат туризми имкониятларини ўрганди. Буюк аждодларимиз ҳақида қизиқарли манбаларга эга бўлди.
“Узум сайли” фестивалининг асосий тадбирлари туман марказида бунёд этилган муҳташам “Хўжаипок” санаторийси ҳудудида бўлиб ўтди. Бу ерда вилоят боғбонлари етиштирган узум ва бошқа болдек ширин мевалар, полиз маҳсулотлари, миллий ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Тажрибали фермерлар, соҳа мутахассислари воҳанинг турли ҳудудларидан келган фестиваль иштирокчиларига узум парваришлаш усуллари ҳақида атрофлича маълумот берди. Инсон организми учун фойдали жиҳатлари, шифобахш хусусиятлари тўғрисида ўзаро фикр алмашди.
Фестивалнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари Жўрабек Тўраев ва бошқалар сўнгги йилларда йирик сайёҳлик салоҳиятига эга мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга қаратилаётган эьтиборнинг миллий иқтисодиётимизни юксалтиришдаги ўрни ҳақида атрофлича сўз юритди. Бу борада Олтинсой туманида зиёрат ва тиббий туризмни кенг йўлга қўйиш, агро ва энотуризмни ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилди. Вилоятнинг узумчилик ва узумни қайта ишлаш салоҳияти таҳлил қилинди.
Турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда шуҳрат қозонган вилоятда 1 минг 100 та фермер хўжалиги 10 минг 790 гектардан ортиқ майдонда сархил узум етиштиради. Уларнинг 685 таси Олтинсой туманида ташкил этилган. Узумзорларнинг қарийб 5 минг гектари Олтинсой туманида жойлашган.
Президентимиз ташаббуси билан узумзорлар босқичма-босқич янгиланиб, янги, ҳосилдор навлари экилаётгани, парваришлашнинг янги усуллари жорий қилинаётгани воҳамизда узум етиштиришни сердаромад тармоққа айлантирмоқда. Жумладан, ишкоми ва ерток ўрнида воиш усулида маҳсулот етиштириш оммалашиб бораётир. Шу пайтгача вилоятда 70 фоиз хўраки, 20 фоиз кишмиш ва 10 фоиз саноатбоп узум навлари парваришланган бўлса, энди мерс, Ризамат ота, келин бармоқ, қора гўзал, чарос каби навларни парваришлашга қизиқиш ортмоқда. Жорий йилда воҳада 1 минг 200 гектардан ортиқ майдонда янги узумзорлар барпо этилгани ҳам бунга яққол далилдир.
–Узумчилик иқтисодиётимизни ривожлантиришнинг асосий драйверларидан бирига айланмоқда, – дейди туман ҳокими Алишер Жумаев. – Чунки, ҳудуднинг тупроғи, иқлими ва суви ҳам сархил мева, шу жумладан, болдек ширин узум етиштириш учун қулай муҳитга эга. Шунингдек, қайта ишлаш ҳам ривожланаётир. Шу кунгача вилоятда йиғиб олинган 130 минг тоннадан ортиқ узум ҳосилининг қарийб 56 минг тоннаси Олтинсой тумани миришкорлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Ҳозиргача 6 минг 45 тонна ёки 4 миллион 586 минг долларлик узум дунёнинг ўнга яқин мамлакатига жўнатилди. Вилоятдаги 9 та узумни қайта ишлаш корхонасининг бештаси Олтинсойда фаолият юритмоқда. Йилнинг ўтган даврида вилоятда қайта ишланган хом ашёнинг қарийб 1 минг 900 тоннаси Олтинсойдаги корхоналар ҳиссасига тўғри келди. Эндиликда фермерларимиз даласида агротуризмни, узумни қайта ишлайдиган корхоналаримиз эносайёҳликни йўлга қўймоқда.
Фестиваль доирасида узумчилик истиқболларига бағишланган семинар ташкил этди.
Узумчилик фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари соҳиблари, қайта ишлаш корхоналари раҳбарлари, боғдорчилик мутахассислари иштирок этган анжуманда соҳани инновацион ғоялар асосида ривожлантириб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва қайта ишлаш салоҳиятини ошириш ҳақида қизиқарли маърузалар тингланди. Вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Зебунисо Алимардонованинг туманда туризмни ривожлантириш истиқболлари, “Султон шарбати” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Икром Султоновнинг узумчилик кластери ташкил этиш ва узумни қайта ишлаш ҳамда энотуризмни йўлга қўйишга бағишланган тақдимотлари билан танишди.
“Султон шарбати” масъулияти чекланган жамияти 125 гектар майдонда узум етиштиради. Италия технологияси асосида жиҳозланган замонавий корхона 2 минг 500 тонна маҳсулотни қабул қилиб, сифатли қайта ишлаш қувватига эга. Ҳозир бу ерда тайёрланаётган йигирмага яқин вино маҳсулотлари нафақат мамлакатимиз балки, хорижда ҳам танилган. Йилнинг ўтган даврида Япония, Россия, Хитой, Қирғизистон каби давлатларга 1 миллион долларлик вино маҳсулоти экспорт қилинди. “Ўзбекистон Ҳаво йўллари” авиакомпанияси орқали хорижга учаётган йўловчилар ҳам “Султон шарбати” бренди туширилган винолардан баҳраманд бўлаётир. Айни пайтда корхона қошида маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун дегустация заллари бунёд этилмоқда. Туристларнинг узум плантацияларида сайр қилиши, ҳосил йиғими билан танишиши учун қулай шароитлар яратилаётир.
Фестиваль якунида “Энг ширин узум – 2022”, “Энг мазали узум шарбати – 2022”, “Энг катта бош узум – 2022”, “Энг ширин майиз – 2022” кўрик-танловлари ғолиблар аниқланиб, диплом, фестиваль статуэткаси ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, ўз маҳсулотлари билан фаол қатнашган бир гуруҳ иштирокчилар муносиб рағбатлантирилди. Санъаткорларнинг концерт дастури вилоятда биринчи марта ўтказилган “Узум сайли” фестивалига ўзгача файз бағишлади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА