Кўп асрлик кузатувлар шуни кўрсатадики, ер аҳолисининг ўртача яшаш давомийлиги, умр кўриши ўсмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг классификациясига кўра инсон биологик ёши 25 ёшдан 44 ёшгача – бу ёшлик даври, 44 ёшдан 60 ёшгача – ўрта ёш даври, 60-75 ёшгача – кекса ёш даври, 75-90 ёшгача қарилик даври, 90 ёшдан ва ундан катта ёш – бу узоқ умр кўрувчилардир.
Қариётган инсон организмида кўп органларнинг структурасида ва функцияларида аста-секинлик билан ўзгариш бўлади. Шу жумладан, ҳазм аъзоларида ҳам. Кекса ёшда нотўғри овқатланиш кўпинча муаммоли касалликларни келтириб чиқаради. Сурункали гастрит, ошқозон-ичак яраси, сурункали гепатит, панкреатит, колит, қандли диабет кабилар шулар жумласидандир. Хўш, бундай касалликлардан сақланиш учун энг аввало нималарга эътибор қаратиш керак?

Мазкур савол билан Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Бухоро филиали 1-Шошилинч кардиология ва терапия бўлими мудири Элберт Ҳамроевга мурожаат қилдик.
– Дарҳақиқат, бундай касалликлардан сақланиш учун энг аввало овқатланиш қоидалари ва режимга риоя қилиш лозим, – дейди Элберт Ҳамроев. –Шунингдек, истеъмол қилинадиган овқат таркиби тўлақонли организм эҳтиёжини қондирадиган маҳсулотларга бой бўлиши жуда муҳим. Кекса ёшдаги беморлар овқатланиш рационини ташкил қилаётганда энг аввало кексаяётган организм ҳазм системаси имкониятларининг пасаяётганлигини инобатга олиши лозим. Кекса кишилар овқатланиши учун кам миқдор, яъни овқат миқдорини камайтириши муҳим. Овқат биологик тўлақонли бўлиши, яъни ўз таркибида керакли миқдорда витаминларни, биомикроэлементларни, фосфолипидларни, ярим тўйинган ёғ кислоталарни, алмашинмайдиган аминокислоталарни сақлаши лозим. 60 ёшдан катта кишилар овқат рациони тез ҳазм бўлувчи маҳсулотлардан иборат бўлиши керак. Кўпчилик кекса ёшдаги беморларда очлик ҳисси бўлмайди. Бундай беморлар кам овқатланади ва иштаҳаси йуқолади. Шу сабабли бундай беморлар овқат рационида етарлича иштаҳа очувчи специялар, пиёз, саримсоқ, нордон мевалар (цитруслар, олма) кабилар бўлиши зарур.
Организм учун овқатланиш режими муҳим аҳамиятга эга. Кекса кишилар овқатланиш режимининг асосий қоидалари овқатланиш қатъий куннинг белгиланган соатларида бўлиши керак. Истеъмол қилинадиган овқат миқдорини чеклаш, овқатланишлар оралиғида узоқ танаффусларга йўл қўймаслик керак. Кекса кишиларга 60 ёшдан сўнг овқат истеъмолини 4-5 маҳал қилиш мақсадга мувофиқ. Бундай овқат истеъмоли кекса кишилар организмида метаболизмни тезлаштириб, енгил вазн камайишига сабаб бўлади. Шунингдек, овқат ҳазми яхшиланиб, ошқозон соҳасида оғирлик ҳиссини камайтиради ва қонда глюкоза сатҳининг меъёрлашувига олиб келади.
Яна шу нарсага жуда эътибор бериш керакки, кекса кишилар овқатланаётган пайтда ортиқча асабийлашмаслиги керак. Чунки кекса кишиларнинг овқат пайтида асабийлашуви овқат ҳазмининг сифатини бузади. Шу сабабли овқатланиш пайтида кекса кишилар асабийлашса, улар билан қўшимча суҳбатлашиб, мавзуни ўзгартириш, уларни фикрини бошқа томонга буриш, чалғитиш, овқатланишни очиқ ҳавода ўтказишни таклиф қилиш (ва ҳ.к.) билан уларни тинчлантириш мақсадга мувофиқ.
Овқатланиш рационини тўғри ташкил қилиш жисмоний ва ақлий активликни ошириб, кўпгина касалликларни профилактика қилади, Кекса отахон, онахонларнинг ўзларини бардам, бахтиёр ҳис қилишини таъминлайди.
ЎзА мухбири Зариф Комилов суҳбатлашди