Узоқ туман аҳолисига қулайлик
Навоий вилояти марказидан салкам 260 километр олисда жойлашган Томди тумани марказида “Zarafshan Golden Group” компанияси ҳомийлигида “Истеъмолчилар уйи” қурилиб фойдаланишга топширилди.
Унда туман ҳокими Қайрат Алдабергенов, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов, Сенатор Улуғбек Файзиев юртимизда аҳолининг истеъмолчи сифатида ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб, Президентимизнинг 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида қайд этди.

Мазкур фармон асосида яратилаётган кенг имкониятлар сабаб, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан ҳам янги ташаббус ва ғояларни ҳаётга тадбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” ғоясини амалда рўёбга чиқариш, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини фаоллаштириш ҳамда ижтимоий шерикликнинг замонавий механизмлари жорий этилаяпти.
– Бугунги кунда маҳаллий ҳокимликларнинг амалий кўмагида, Федерация томонидан аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш, туманда кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини ташкил этиш, аҳоли, айниқса, ёшлар орасида ҳуқуқий ва бадиий жиҳатдан юксак, интелектуал савияни ўстиришга хизмат қиладиган, истеъмолчилик соҳаси, сиёсий ва бадиий адабиётлар билан таъминланган “Истеъмолчи кутубхонаси” ва аҳолини истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқий билимини юксалтириш мақсадида “Истеъмолчилар уйи” лойиҳаси амалга оширилмоқда, – дейди Федерациянинг Навоий вилояти ҳудудий бирлашмаси бошлиғи Бахтиёр Ташев. – Лойиҳа доирасида барча туманларимизда “Истеъмолчилар уйи” қурилади. Бу ҳозирча иккинчисидир. Мазкур бинода дастурлаш тизими бўйича ўқитишга мўлжалланган IT-маркази ёшларга компьютер технологияларини, дастурлашни ўргатиш учун барча шароитлар яратилган.
Марказ ўқув курсларига тумандаги юқори синф ўқувчиларни, уюшмаган ёшларни жалб қилиш ҳамда корхона-ташкилотларда фаолият юритаётган ходимларнинг АКТ соҳасидаги билим савиясини ошириш режалаштирилмоқда.
Абдували БЎРИЕВ, ЎзА