Аҳоли сонининг ортиши, саноат ва ишлаб чиқариш тармоқларининг тобора кенгайиши натижасида электр энергиясига бўлган талабнинг ортишига олиб келади.
Шу боис, мамлакатимизда аҳоли, айниқса иқтисодиёт тармоқларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш, сифатли электр таъминотини йўлга қўйиш борасида сезиларли ўзгаришлар бўлмоқда.
Хусусан, Навоий вилоятида ҳам бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мавзу юзасидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Навоий ҳудудий филиали директори Бобир Исломов қуйидаги фикрларни билдирди.
– Бугунги кунда вилоятда электр энергияси билан таъминланганлик даражаси юз фоизни ташкил этади. Умуман, вилоят бўйича 110-35 кВли 97 та подстанциялар ва 14 186 километр узунликда 0.4-110 кВ ҳаво электр ва кабель узатиш тармоқлари ҳамда 4047 дона 0,4/6-10 кВли тармоқ трансформатор пунктлари мавжуд.
Жорий йилда туман ва шаҳар ҳудудларининг электр таъминотини яхшилаш учун 0,4-110 кВли 1 489,9 км ҳаво электр узатиш тармоқлари, 7 дона 110-35 кВли подстанция ва 367 дона 0,4/6/10 кВли трансформатор пунктларини мукаммал таъмирлаш ишлари режалаштирилган.
Жорий йилнинг 1 август ҳолатига 1248,0 км 0,4-110 кВли ҳаво электр узатиш тармоқлари мукаммал таъмирланган бўлиб режага нисбатан 83,8 фоизга, 7 дона 110-35 кВли подстанциялар мукаммал таъмирланган бўлиб режага нисбатан 100 фоизга, 303 дона 0,4/6/10 кВли трансформатор пунктлари мукаммал таъмирланган бўлиб режага нисбатан 82,5 фоизга бажарилди.
Жорий йилда аҳоли истеъмолчиларини электр энергияси билан таъминлашда узилишларнинг олдини олиш мақсадида маҳаллий бюджетдан ажратилган 5 миллиард сўм маблағ ҳамда жамиятимиз маблағлари ҳисобидан корхонада 90 дона турли қувватли трансформатор пунктлари ва 35,3 тонна трансформатор мойи, 77 километр кабель, 7,76 тонна сим, 215 дона кабель муфталари, 210 дона темир бетон таянч ҳамда 3562 дона ҳар хил турдаги ҳимоя воситаларининг захиралари яратилди.
Электр тармоқларида юзага келадиган аварияларни бартараф этиш мақсадида 75 та махсус бригада ташкил этилиб, 334 та ишчи ходимлар бириктирилди ва улар керакли асбоб-ускуналар, алоқа воситалари ҳамда материаллар билан жиҳозланган. Бундан ташқари 98 та махсус ва енгил автотранспортлар билан таъминланган.
"Ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти Навоий ҳудудий филиали томонидан ВМҚ-614 сонли қарор "Обод хонадан", "Обод кўча" дастури ҳамда ВМҚ-259 сонли қарорлар доирасида ҳозирги кунда 83,5 километр электр узатиш тармоқлари ва 13 дона трансформатор пунктлари ҳамда 4445 дона темир бетон таянчлар ўрнатилди.
Йил якунига қадар яна 211 километр электр тармоқлари, 29 дона трансформатор пунктларни янгидан қурилиши белгиланган.
Вилоят бўйича мавжуд 3 873 та трансформаторларга маҳаллалар кесимида 334 та ходимлар бириктирилган бўлиб, олис ҳудудларда вилоят марказидан бириктирилган ходимларга 3 ой давомида ушбу маҳаллалардан турар-жой ва барча шароитлар яратиб берилди.
Бугунги кунда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига улаш бўйича техник шартлар олиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 31 августдаги “Юридик ва жисмоний шахсларни электр тармоқларига улаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан давлат хизматлари марказлари орқали мурожаатлар қабул қилинмоқда. Мазкур қарор талаблари асосида объект жойида ўрганилиб, техник шарт тақдим этилмоқда.
Вилоятда электр энергиясини иқтисод қилиш бўйича алоҳида ёндашув асосида ишлар ташкил қилинган.
2024 йилда жами 980 миллион кВт*соат электр энергияси иқтисод қилиш белгиланган бўлиб, ҳудудлар, корхоналар ва маҳаллалар кесимида ойма-ой режа-жадвали ишлаб чиқилиб, бугунги кунга қадар (2024 йил 7 ой давомида) режа 251 миллион кВт*соат амалда 258 миллион кВт*соат (103 фоиз) иқтисод қилинишига эришилди.
Тармоқдаги йўқотишларни қисқартириш бўйича, эскирган тармоқ ва трансформаторларни янгилаш ва таъмирлаш, реактив қувватни компенсация қилиш ҳамда қуёш панелларини ўрнатиш тадбирларининг амалга оширилиши натижасида, 2024 йилда йўқотишларни 5,4 фоизга туширишга эришилади ёки 25 миллион кВт*соатга камайтирилди.
Вилоят бўйича жами 32 МВт қуёш панеллари ўратиш режалаштирилиб, амалда 38.7 МВт ўрнатилди ва ойига ўртача 7 миллион кВт*соат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда.
Бундан ташқари, Томди туманида Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси томонидан лойиҳа қиймати 600 миллион АҚШ долларига тенг бўлган қуввати 500 МВтлик шамол электр станцияси қурилиши бошланган бўлиб, йил якунига қадар 100 МВт ишга туширилади.
Шунингдек, “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти Томди туманида Бирлашган Араб Амирликларининг “Тепеленг групп” компанияси томонидан лойиҳа қиймати 900 миллион АҚШ долларига тенг қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қурилиш монтаж ишлари бошлаб юборилган.
Хитойнинг “СС7” компанияси билан Навоий вилоятида лойиҳа қиймати 300 миллион АҚШ долларига тенг қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилиб, битим имзоланди.
Бугунги кунга қадар 291 598 та, яъни 98,5 фоиз ҳисоблагичлар замонавий АСКУЭ тизимига мос келадиган ҳисоблагичларга алмаштирилиши таъминланган.
Бу каби ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Зеро, узлуксиз электр таъминоти барқарор ривожланиш омили саналади.
ЎзА мухбири Икром Аввалбоев ёзиб олди.