“Uzbek Gift Contest” танловининг иккинчи босқичига старт берилди
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси, “Ҳунарманд” уюшмаси ва Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамкорлигида ташкил этилган “Uzbek Gift Contest” кўрик-танловининг иккинчи босқичи бошланди.
Танловдан мақсад миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини замонавий туристик совға сифатида тарғиб қилиш, ҳудудлардаги ижодкорлар салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда туристлар учун ихчам, сифатли ва ҳамёнбоп эсдалик совғалари намуналарини яратишдан иборат.
Иккинчи босқич ҳунармандлар ўртасида ўтказилади. Иштирокчилар биринчи босқичда ғолиб деб топилган 10 та энг яхши дизайн ва эскиз билан танишади. Сўнг улардан бирини танлаб, шу асосида амалий сувенир маҳсулоти яратади.
Ҳунармандлар ўз йўналишидан келиб чиқиб, маҳсулотни ижодий ғояси асосида янада такомиллаштириши мумкин. Иштирок этиш учун онлайн платформа орқали рўйхатдан ўтиш керак. Тайёрланган маҳсулот жорий йилнинг 10 ноябрига қадар “Ҳунарманд” уюшмасининг ҳудудий бошқармаларига топширилади.
Келиб тушган ишлар орасидан энг яхши 10 та маҳсулот ғолиб деб топилади. Ғолибларнинг ҳар бири 20 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА