Ўзбек давлатчилигининг янги бир тарихи яратилаётган улкан ўзгаришлар даврида яшаяпмиз. Бахтимиз шундаки, шу тарихни ёзиш бугунги авлоднинг тақдирига битилган! Ватанимизда содир бўлаётган оламшумул янгиланишларнинг шиддати ва улуғвор мақсадлари ҳар биримизга жўшқинлик, ғайрат-шижоат бағишламоқда.
Атрофимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жараёнларни таҳлил қилиб, уларнинг асосида “Инсон қадри учун” деган бунёдкор ғоя мужассам эканини сезиш қийин эмас.
Жамиятимизнинг аъзоси бўлган ҳар бир инсон бу саъй-ҳаракатларнинг мазмун-моҳиятини тушуниши ва бу ислоҳотлар унинг келажакда эмас, айнан бугун яхши яшаши учун қилинаётганини чуқур англаши лозим. Шундагина у том маънода “уйғонади”, томошабин бўлмайди ва жараёнларнинг чинакам иштирокчисига айланади. Жамиятимизни ҳаракатга келтирадиган куч ҳам айнан шу “уйғониш эффекти”дир.

Уйғоқ одамгина ўз-ўзига саволлар беради, ўз ўрнини ахтаради, атрофидаги воқеликларга бефарқ бўлмайди ва ўзида жамиятга дахлдорликни ҳис қилади. Менимча, Президент Шавкат Мирзиёевнинг орзусидаги Янги Ўзбекистоннинг бунёдкори айнан шу – Уйғоқ одамдир!
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ахборот соҳасини эркинлаштириш ва ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар айнан шундай – Ватан тақдирини ўз тақдири деб биладиган уйғоқ шахсни тарбиялашга қаратилган. Шу боисдан фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятини ривожлантиришга, фуқароларнинг сўз эркинлигига бўлган ҳуқуқларини таъминлашга давлат сиёсатининг устувор вазифаси сифатида қаралмоқда. Чунки, уйғоқ шахс эркин жамиятдагина камол топади ва айнан шундай шароитда у ўз салоҳиятини намоён этишга интилади, ҳаракатга келади. Бунда оммавий ахборот воситалари беқиёс ўрин тутади. Сўз эркинлиги ҳуқуқининг мавжудлиги ва ривожи жамиятда хилма-хилликни юзага чиқаради ва фуқароларнинг жамият бошқарувидаги фаол иштирокини таъминлайди.
Охирги 7–8 йилда Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятини тартибга солишга доир қонуний асосларни такомиллаштириш борасида эътиборга молик чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу йўналишдаги ислоҳотлар аллақачон муқаррар ва ортга қайтмайдиган тус олган. Янгиланган Конституциямизда оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият юритишини таъминлаш бўйича муҳим қоида ва тамойиллар мустаҳкамланди. Ижодий жамоаларни рағбатлантириш, соҳанинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган ишлар тизимли характер касб этмоқда. Айниқса, кейинги йилларда сўз эркинлиги ва фикрлар хилма-хиллигига эришиш йўлида янги имкониятлар очилгани медиа воситалари вакилларининг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштироки, ўрни ва нуфузини янада кучайтирмоқда.
“Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” юртимизда муҳим сана сифатида кенг нишонланиб келаётгани, шу муносабат билан куни кеча Ўзбекистон Президентининг табрик йўллагани ва соҳа ходимларининг бир гуруҳини юксак мукофотлар тақдирлаганининг ўзи ҳам бу масалага давлатимизнинг устувор эътиборини кўрсатади.
Мамлакатимиз раҳбарининг байрам табригида атоқли жадид бобомиз Ҳожи Муиннинг “Матбуот тарихи – Уйғониш даври тарихининг бир бўлагидир” деган сўзлари келтирилгани бежизга эмас. Миллий юксалиш қайғусида яшаган ва жонини фидо қилган жадидлар миллатни уйғотиш ва жамиятни ҳаракатга келтириш мақсадини айнан матбуот ривожи билан узвий боғлиқ ҳолда кўришган. Тарихий манбалар жадидчилик ҳаракатининг пайдо бўлиши ва қулоч ёзишида матбуот муҳим ўрин тутганини тасдиқлайди. Жадид боболаримизнинг миллий уйғониш ғоялари айнан матбуот воситасида кенг тарқалган ва ўз тарафдорларини топган.
Бугунги кунда ҳам Учинчи ренессансга эришиш, Янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғвор ғояларни одамлар онгига сингдириш, халқимизни янги марраларга руҳлантириш ва ҳаракатга келтиришда ҳам оммавий ахборот воситаларидек таъсирчан восита йўқ. Президентимиз ўз табригида глобал ижтимоий-сиёсий жараёнлар беқиёс шиддат билан ўзгараётган ҳозирги ўта мураккаб ва нотинч дунёда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва таъсири ҳар қачонгидан ҳам кучли аҳамият касб этаётганини таъкидладилар.
Дарҳақиқат, глобаллашув шароитида ахборот дунёдаги энг қиммат маҳсулотга ва энг хавфли қуролга айланди. Хорижлик таҳлилчилардан бири айтганидек, “Дунё ядро жомадонидаги тугмачалар билан эмас, микрофон олдидаги тугмачалар билан бошқариладиган бўлиб қолди”. Уруш майдонларидаги талафотлардан кўра ахборот хуружлари келтириб чиқараётган оқибатлар тобора хавфлироқ ва кенг кўламли тус олмоқда.
Давлатимиз раҳбари ўз табригида бугунги дунёда ана шундай таҳликали чақириқлар юзага келаётганини қайд этиб, соҳа ходимлари олдидаги устувор вазифаларни белгилаб бердилар. Хусусан, бепоён медиа-оламда холис ва ҳаққоний ахборот тарқатиш билан бирга, миллий манфаатларимизни қатъий ҳимоя қилиш миллий журналистикамизнинг кечиктириб бўлмас долзарб вазифаси экани алоҳида таъкидланди.
Жаҳонда ва минтақамизда кечаётган геосиёсий манфаатлар кураши шунчалик мураккабки, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳар бир воқеа-ҳодисани таҳлил қила олиши, баҳолаши ва ҳар бир ахборот ортидаги мақсадларни теран англамоғи лозим. Шундагина улар турли ахборот хуружларига қарши тура олиши, ахборот маконида миллий манфаатларимизни қатъий ҳимоя қила олиши мумкин. Президент табригида журналист аҳлининг машаққатли меҳнати муқаддас сарҳадларимизда сергак турган Ватан посбонларининг жасоратига қиёсланганини худди шу ёндашувдан келиб чиқиб қабул қилиш лозим бўлади.
“Тўртинчи ҳокимият” вакиллари Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт моделини, ўзига хос ислоҳотлар йўлини ва ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жараёнларнинг асл моҳиятини пухта билиши ва қиёсий таҳлил қила олиши зарур. Айнан шу жиҳатлар миллий манфаатларимизга мос келадиган миллий контент яратиш салоҳиятини юзага чиқаради. Шунингдек, бугунги журналистдан профессионал билим ва маҳоратни узлуксиз ошириб бориш, ахборот тарқатишнинг замонавий усулларини ва шиддат билан ривожланаётган сунъий интеллект технологияларини ўзлаштириш талаб этилади.
Давлатимиз раҳбарининг табригида мамлакатимизда сўнгги йилларда етишиб келаётган ўз касбини, она тили билан бирга хорижий тилларни, IT технологияларни пухта эгаллаган, жонкуяр ва ватанпарвар янги журналистлар авлодига катта Ишонч ва Умид бор!
Бир сўз билан айтганда, оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар жамиятнинг Уйғоқ виждонига айланиши керак! Биз тараққиётимизга рахна солаётган турли иллатлар, муаммолар ва коррупция балоси ҳақида ҳар доимгидан-да баландроқ ва кучлироқ бонг уришимиз даркор.
Жамиятни янги марралар сари руҳлантирмоқчи ва одамларни уйғотмоқчи бўлган инсонларнинг ўзи, энг аввало, уйғоқ ва сергак бўлиши керак! Шу маънода мураккаб даврнинг ўзи бугунги кун журналисти зиммасига Ўзбекистон тарихининг аввалги ҳеч бир даврида кузатилмаган тарихий заруратни юкламоқда. Бу – Уйғоқлик шарафи ва масъулиятидир!
Камтарона хизматим учун Президентимиз томонидан берилган “Дўстлик” орденини қабул қилиб оларканман, мана шу залворли юкни ич-ичимдан ҳис қилдим. Бу юксак эътирофни, энг аввало, келгусида қилишим зарур бўлган ва мендан кутилаётган катта ижодий ишлар учун рағбат деб қабул қилдим. Ижодкорни қадрлайдиган шундай бетакрор юртнинг фарзанди эканимдан фахр туйдим. Ҳаяжон силсиласида янги режалар туғилди. Матбуот котиби сифатида олдимга ўзим ишлаётган ташкилотимиз фаолиятида янада очиқликни таъминлаш, кенг жамоатчилик ва мурожаатлар билан ишлашга доир замонавий ёндашувларни татбиқ этиш бўйича янги мақсадларни қўйдим.
Ватанимиз эришаётган тарихий зафарлар ижод аҳли учун туганмас илҳом бахш этмоқда. Қўлида қалам тутган ҳар бир журналист учун Уйғоқлик шарафи ва масъулиятини юракдан ҳис қилган ҳолда, доимий фаол ва ўзига талабчан бўлиш, ахборот маконида миллий манфаатларимизни қатъий ҳимоя қилиш нафақат касбий вазифа ёки зарурат, балки бу – чин фарзандлик бурчи ва виждон ишидир!
Шуҳрат Орипов,
“Дўстлик” ордени соҳиби.