Қуёнчилик даромадли бизнесми?
Баҳор нафаси сезилаётган шу кунларда томорқа аҳлини безовта қилиб, эшик қоққанлар сони ортмоқда.
Баҳор нафаси сезилаётган шу кунларда томорқа аҳлини безовта қилиб, эшик қоққанлар сони ортмоқда. Бири кредит таклиф қилса, яна бири тадбиркорликни бошламоқчи ёки иш фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлганларга тушунтириш бермоқда.
Аҳолининг асосий қисми қишлоқларимизда яшаётгани ҳам ҳеч биримизга сир эмас. Шу боис асосий таклифлар деҳқончилик, чорвачилик, томорқачиликни ривожлантиришга қаратилмоқда. Шунингдек, қуёнчилик ҳам анча сердаромад соҳа экан тарғиб этилмоқда. Айни кунларда Тошкент вилоят Ўрта Чирчиқ туманида “Владимир қуёнлари” оилавий корхонасида гўштдор қуёнларни кўпайтириш ишлари бошлаб юборилди.
– Бу лойиҳада икки миллиард сўмга 2,5 мингта қуённи бир йилга етадиган озуқаси билан харид қилиш кўзда тутилган, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Илёс Еткиров. – Мингтаси оилавий корхонада қолади, қолгани эса томорқа эгаларига берилади. Шу тариқа аҳолининг даромади ошади. Кенгроқ тушунтирадиган бўлсак, бир йилда битта қуёндан 50-60 бола олиниши ҳисобига икки ярим мингта тери ва 500 тонна гўшт тайёрланади.
Хонадонларга бериладиган бир ярим минг дона қуёнга сарфланадиган харажат ва фойдани ҳисоб-китоб қилиб кўрдик. Бунда ҳар бир хонадонга 10 дона бир ойлик қуёнлар керакли миқдордаги озуқаси билан берилади. Шунда ҳар бир қуёнга бир йиллик харажат олти юз минг, ўнтага эса олти миллион бўлар экан. Кўриладиган фойда эса 45 миллион. Шу тариқа 1500 та қуёндан 9 миллиард даромад қилиш мумкин экан. Ажойиб, бундай имкониятдан воз кечиб бўлмайди. Шу боис ҳам бу ишни бошламоқчи бўлганлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда.
Нега бир ойлик қуёнлар берилади?
Қуёнлар тез касалланиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун қуён боласи туғилганидан бир ой ўтиб, махсус восита ёрдамида эмланади ва сўнг тарқатилади. Уларни озиқлантириш тартиби ҳам ўргатилади. Хусусан, махсус рецепт билан тайёрланадиган озуқа ва табиий маҳсулотлардан фақат сабзи берилади. Шу тарзда ортиқча меҳнат ва озуқа талаб этилмайди. Сабаби, махсус озуқа қуёнларнинг яхши ривожланиши учун зарурий барча модда, минераллар билан тўйинтирилган бўлади.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги 240 дан ортиқ “Томорқа хизмати”нинг ҳаммасида қуёнчилик хизмати жорий этилади.