Уйда таълим олувчи ўқувчилар доимий эътиборда
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Бухоро вилояти бўлими ташаббуси билан Халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан уйда таълим олувчи ўқувчилар ҳолидан хабар олинди.
Фонд томонидан болажонларга ўқув қуроллари ҳамда байрам совғалари улашилди.
– Mурувват, саховат ва хайрли амалларни мунтазам ташкил этиш халқимиз маънавиятининг ажралмас бўлаги ҳисобланади, – дейди фонд шўъба мудири Аҳтам Мирзалиев. – Мамлакатимизда фарзандлар камоли йўлида амалга оширилаётган барча эзгу мақсадлар замирида дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш орзуси мужассамлиги, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, саломатлигини асраш давлатимиз ва жамиятимизнинг доимий эътиборида эканлиги муҳим саналади. Болалар ҳаётимиз давомчилари, келажагимиз эгаларидир. Уларни асраб-авайлаш, ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш ҳар бир давлат, ҳар бир оила, ҳар бир жамоат ташкилотларининг муқаддас бурчидир. Бугун Фонд томонидан байрам олди хайрия тадбирларини ўтказиб, болажонларимизни кўнглини кўтардик. Уларнинг ҳолидан хабар олдик.

– Байрамда роса хурсанд бўлдим, – дейди Бухоро шаҳридаги 10-умумтаълим мактаби ўқувчиси, уйда таълим олувчи Камолбек Асатиллаев. –Менга ўқув қуроллари ҳамда байрам совғалари беришди. Ўқув қуролларини кейинги йил ўқишим учун олиб қўйдим. Янги ўқув йилида аъло баҳоларда ўқишни давом эттираман.

Зариф Комилов, ЎзА