18 апрель — Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни
Охирги йилларда юртимизда кўп қаватли уйлар қурилишининг жадал суръатларда ўсиб бораётгани соҳада замон талаблари асосида чуқур ислоҳотларни амалга оширишни талаб қилмоқда.
Дунё тажрибасидан келиб чиққан ҳолда соҳа бозорига профессионал бошқарув-сервис компаниялари кириб келди. Уларга аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш тизимини самарали ташкил этиш асносида қатор имтиёз ва кафолатлар берилди. Уйларни бошқариш соҳасидаги рақобат муҳитини яратиш ва пировардида аҳолининг муносиб турмуш шароитларда яшашини таъминлаш мақсадида бошқарув компаниялар томонидан қўшимча сервис хизматлар бозори яратилди.
– Бугунги кунда кўп қаватли уйлар сони 43 мингтани ташкил этмоқда, – дейди қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева. – Шуларнинг 92 фоизига бугунги кунда бошқарув компаниялари томонидан хизмат кўрсатиб келинмоқда. Ҳозирга қадар уйларни таъмирлаш, ҳудудларнинг инфратузилмасини яхшилаш, моддий-техника базасини шакллантиришга компаниялар ўз ҳисобидан 280 миллиард сўм, хизмат кўрсатишга ихтисослашган бино ва иншоотларни қуриш учун 90 миллиард сўмдан ортиқ инвестиция маблағларини киритди. Шунингдек, компаниялар томонидан тадбиркорлик ва қўшимча сервис хизматлар бозори ривожлантирилмоқда. Бугунги кунда бошқарув органлари балансида жами 18 мингдан ортиқ зарур моддий-техника ва ускуналар мавжуд. 2017 – 2024 йиллар давомида жами 44 минг 648 та кўп квартирали уйларда мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Республикадаги кўп квартирали уйларнинг 95 мингдан ортиқ кириш йўлакларида жойлашган 108 минг 66 та электр тақсимловчи шитларда таъмирлаш ишлари олиб борилиб, 2024/2025 йиллар куз-қиш мавсумига соз ҳолатга келтирилди.
Бундан ташқари қўшимча дастур доирасида республика бўйича 4 минг 440 та кўп квартирали уйларда 60 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 1 минг 75 та уйнинг том қисми, 2 минг 338 та кириш йўлаклари, 568 та темир эшиклар, 4 минг 318 та фрамуга ойна ромлар ўрнатиш, 1 минг 22 та уй ички муҳандислик тармоқлари, 4 минг 279 та энергия тежамкор сенсор лампаларни ўрнатиш ва 422 та уйларнинг фасад қисмини таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Эътиборлиси, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 июндаги 376-сон қарорига асосан 2024 йилда республика миқёсида 517 та лифт янгиланди. Лифт ускуналаридан фойдаланишда хавфсизликни таъминлаш мақсадида “Хавфсиз лифт” платформаси ишлаб чиқилди. Мазкур платформага лифтнинг ишлаб чиқариш (импорт қилиш), ўрнатиш ва эксплуатация жараёнлари тўлиқ киритилади ҳамда лифтларга хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг рейтинги юритилади.
Ушбу платформа ишга туширилгач, барча кўп квартирали уйлардаги лифт ускуналарини реал вақт режимида кузатиб бориш имкони яратилади. Аҳоли томонидан фойдаланувда бўлган лифтларнинг қачон ўрнатилгани, қайси ташкилот томонидан техник хизмат кўрсатилиши, техник кўрикдан ўтганига оид маълумотларни кузатиб бориш мумкин. Шу билан бирга, 2025 йилдан бошлаб лифтларни диспетчерлик хизматига уламасдан ҳамда икки томонлама алоқа воситалари билан таъминламасдан эксплуатация қилиш тақиқланди.
Шунингдек, 2023 – 2024 йилларда жами 11 минг 71 та уйга 108 мингта энергия тежовчи чироқлар ўрнатилди. 12 минг 248 та фрамуга ромлари замонавий энергия тежовчи ромларга алмаштирилди. Кириш йўлакларига 3 минг 220 та кодли қулфли темир эшиклар ўрнатилди. Шунингдек, 3 минг 487 та фойдаланишга топширилган уйларнинг том қисмига жами қуввати 44 минг кВт қуёш панеллари ўрнатилди.
–Тошкент ва Жиззах шаҳри, Тошкент вилоятидага 18 та уйда тажриба тариқасида базальт қопламаси билан қоплаш ишлари амалга оширилди, – дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Обид Мўминов. – Натижада уйларнинг иссиқлик йўқотилиши 45 фоизга камайишига эришилди. 2030 йилгача бўлган даврда республикадаги 2016 йилгача қурилган уйларни энергетик санация қилиш ҳамда энергия йўқотилишини 50 фоизга қисқартириш бўйича дастур лойиҳаси ишлаб чиқилди. Дастур лойиҳасига кўра, 2030 йилгача 14 мингдан ортиқ уйларни энергетик санация қилиш режалаштирилмоқда.
Ўтган йил баҳор-куз мавсумларида “Бир болага бир дарахт” шиори остида республика бўйича бошқарув органлари томонидан кўп квартирали уйлар ҳудудларида жами 2 миллион 30 минг кўчат экилди. Ушбу анъанани жорий йилда ҳам муносиб давом эттириш мақсадида 2025 йил баҳор-куз мавсумларида республика бўйлаб 365 минг дона дарахт ва кўчатлар экилиши белгилаб олинди.
Рақамлаштириш борасидаги ишлар ҳам жадал суръатларда давом этмоқда. “Менинг уйим” биллинг тизимида бугунги кунда 42 мингга яқин кўп қаватли уй рўйхатга олинган. 2022 йил мажбурий бадал тушумлари 200 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, ўтган йилда бу кўрсаткич 800 миллиард сўмга етди. Жорий йилда ушбу кўрсаткични 900 миллиард сўмга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, тизим аҳолига бошқарув ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган ишларни назорат қилиш, рейтингини баҳолаш ҳамда тўловларни онлайн амалга ошириш имкониятини бермоқда.
Шунингдек, бошқарув органларига муддати ўтган дебитор қарздорликларни ундириш учун судларга даво аризасини киритиш шахсий кабинет орқали амалга оширилмоқда. Бунда “Менинг уйим” биллинг тизими e-sud платформаси билан интеграция қилинди.
Кўп квартирали уйларнинг ертўлалари жисмоний ва юридик шахсларга фойдаланишга берилганда ижара учун тўловлар ва бошқа турдаги умумий мулкдан фойдаланишдаги даромадлар ҳисоби “Менинг уйим” биллинг тизимида юритилмоқда.
Лифт ускуналаридан фойдаланишда хавфсизликни таъминлаш мақсадида “Хавфсиз лифт” ҳамда кўп квартирали уйларнинг техник паспортлари, таъмирланган қисмлари, муҳандислик тармоқлари, коммуникацияларининг ҳолати каби кўрсаткичларни ўз ичига олувчи “Турар жой” платформалари яратилди. Кўп квартирали уйларни бошқарувчи бошқарув органларининг электрон реестри https://reestr.kommunal.uz/ платформаси ишга туширилиб, бошқарув органларининг бошқарувида бўлган кўп квартирали уйлар рўйхати ҳамда маълумотлари очиқ тарзда юритилади.
Мамлакатимизда кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи бошқарув органлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, дўстона муносабатларни кучайтириш ва энг салоҳиятли компания тажрибасини кенг тарғиб қилиш мақсадида “Энг яхши бошқарув органи” Республика танлови ўтказилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда марказлашган ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш хизматлари билан қамраб олинганлик даражасини ошириш ва шу тариқа аҳолига муносиб турмуш шароитларини яратиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сўнгги 8 йилда аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилашга бюджет ва халқаро молия институтларининг жами 27,5 триллион сўмга яқин маблағ йўналтирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан 3 минг 627 та ичимлик ва оқова сув иншоотлари қурилиб, 40,6 минг км узунликдаги ичимлик суви тармоқлари тортилди.
Натижада республика аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 63 фоиздан 80,9 фоизга етказилди. Ушбу давр мобайнида 789 та маҳалладаги 4,9 миллион нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланиб, 11,5 миллион нафар аҳолининг эса ичимлик суви таъминоти яхшиланиши барчамизни хурсанд қилади. Шунингдек, халқаро молия институтларининг 179 миллион доллар маблағлари ҳисобидан жами 926,1 км ичимлик ва 146 км оқова сув тармоқлари тортилди.
Жорий йил 1 минг 619 километр ичимлик суви, 521 километр оқова сув тармоқларини тортиш, тизимдаги 162 та иншоотни қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. Натижада 715 минг аҳолига илк бор тоза ичимлик суви етиб боради, 135 минг хонадон оқова тармоғига уланади, 157 минг истеъмолчига замонавий ҳисоблагич ўрнатилади.
Натижада аҳолининг марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 82,8 фоизга етказилади. Таъкидлаш лозимки, иссиқлик таъминоти соҳасида ҳам кейинги йилларда салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, сўнгги 6 йил ичида тизимни яхшилаш бўйича 100 га яқин лойиҳа амалга оширилиб, 80 дан ортиқ марказий ва маҳаллий қозонхоналар ҳамда 320 км узунликдаги иссиқлик қувурлари модернизация қилиниб, 3 000 га яқин кўп қаватли уй ва 261 та ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик энергияси билан таъминланди.
Бу йўлдаги ишлар изчил давом этмоқда. Хусусан, жорий йилда республика бюджети маблағлари ҳисобидан иссиқлик таъминоти объектларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш учун 500 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Уй-жой ҳамда бино-иншоотларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш мақсадида вазирлик ҳузурида “Иссиқлик таъминоти” акциядорлик жамияти ташкил этилди. Тегишли қарор билан марказлашган иссиқлик таъминоти қамровини 37 фоиздан 58 фоизгача етказиш, тизимдаги йўқотишларни 38 фоиздан 20 фоизгача қисқартириш белгилаб берилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/XWmGNgICfr0" title="Uy-joykommunal xizmat koʻrsatish sohasi rivojida yangi davr" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова, ЎзА