Қува туманида теримчиларга кўчма дўконлар хизмат кўрсатмоқда
Фарғона вилояти деҳқонлари жорий йилда 101,3 минг гектар майдонда мўл ҳосил етиштирди. Айни кунларда ана шу ҳосилни қисқа муддатларда нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш ишлари қизғин давом этмоқда.
Фарғона вилояти деҳқонлари жорий йилда 101,3 минг гектар майдонда мўл ҳосил етиштирди. Айни кунларда ана шу ҳосилни қисқа муддатларда нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш ишлари қизғин давом этмоқда.Қува туманидаги “Роҳатой” фермер хўжалиги ғалла ва пахта етиштиришда катта тажрибага эга. Хўжаликда чорвачилик, сабзавотчилик каби тармоқлар ҳам йўлга қўйилган. Жорий йилда ғалладан 60 центнердан ортиқ ҳосил олинди.
– Ҳар куни дала айланиб, пахтазордаги мўл ҳосилни кўриб, қувонаман, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Авазбек Тешабоев. – Барча зарур агротехник тадбирлар ўз вақтида сифатли бажарилди. Табиий ва минерал ўғитлар етарлича берилди. Бунда техникаларимиз бутлиги, иш белгиланган тартибда олиб борилгани қўл келди. Гектаридан ўртача 45 центнердан ҳосил олишни режалаштирганмиз.
Бугун оппоқ товланиб, кўзни қувонтираётган пахта ҳосилини қисқа муддатларда йиғиштириб олиш учун барча чора-тадбирлар белгиланиб, теримчиларга зарур шароит ва қулайликлар яратилмоқда. Далада ишловчиларга тиббий, маданий, савдо хизмати кўрсатиш йўлга қўйилган. Теримчиларнинг мазмунли дам олишини таъминлаш мақсадида турли маданий-маърифий тадбирлар, кўнгилочар дастурлар ташкил этилмоқда.
Қува туманидаги “Қува деҳқон бозори” акциядорлик жамияти ҳам бу борадаги ишларга муносиб ҳисса қўшмоқда. Теримчиларга қулайлик яратиш мақсадида 10 дан ортиқ транспорт воситасида кўчма дўконлар ташкил этилди.
– Деҳқонларимизнинг машаққатли меҳнати эвазига етиштирилган ҳосилни ўз вақтида ва сифатли йиғиштириб олишга хизмат кўрсатишни яхшилаш билан ҳисса қўшаётганимиздан хурсандмиз, – дейди “Қува деҳқон бозори” акциядорлик жамияти раиси Абдуллажон Фозилов. – Мавсумда турғун савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларидан ташқари, теримчилар ҳузурига бориб савдо қиладиган кўчма дўконларимиз тўла қувват билан ишламоқда. Уларда 30 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар бўлиб, савдо нақд пул ҳамда пластик карточкалар орқали амалга оширилмоқда. Ҳар бир кўчма савдо дўкони касса аппарати ва терминал билан таъминланган.