Устюртнинг бепоён кенгликларида учрайдиган қадимий қабристонларда ўтмишнинг тилсиз қўриқчилари – қулфтошлар деб аталувчи тош ёдгорликлар бор. Улар нафис ўймакорлиги, нозик шакллари, сирли тасвирлари билан кишини лол қолдиради. Узоқ вақт давомида улар шунчаки қабр тошлари деб ҳисобланиб келинди. Бироқ сўнгги тадқиқотлар анча қадимий ва теран сирни очмоқда – бу тошлар муқаддас отқозиқнинг тошга айланган рамзлари, қуёшга от қурбонлик қилишнинг энг қадимги маросими маркази бўлганини кўрсатмоқда.
Ёғоч манбалар: ғойиб бўлган устунлар сояси
Тош қулфтошлар узоқ тарихнинг сўнгги босқичи, холос. Ҳаммаси дарахтдан бошланган. Археология ва этнография маълумотлари шундан далолат бермоқдаки, ЕвроОсиёнинг кўчманчи халқларида, айниқса, ўғуз-қипчоқ муҳитида (кўпгина туркий халқларнинг, жумладан туркман, ўзбек, қорақалпоқ ва қозоқларнинг аждодлари) ёғоч отқозиқлар дафн ва таъзия маросимларининг ажралмас қисми бўлган.
Манбаларга кўра, ўғузларда дафн маросимида қурбонлик қилинган отнинг териси, боши ва оёқлари махсус тайёрланган «ёғочларга» илиб қўйиладиган бўлган. Бу оддий амалий ҳаракат эмас, балки маросимий рамздорликка эга анъана бўлган. Ҳозирги кунда ҳам шунга ўхшаш ҳолатларга дуч келамиз — баъзи ҳудудларда ходаларга молнинг бош суяги қўндириб қўйилганини кўриш мумкин. Бу амалиётнинг илдизлари эса теран тарихий ва маросимий асосларга бориб тақалади.
Қипчоқларда ҳам от терисини баланд ходаларга осиб қўйиш анъанаси бўлган. Бурятлар, ёқутлар, олтойликларнинг серге ва чаки деб аталувчи муқаддас отқозиқлари ҳозиргача маълум. Ҳатто узоқ венгерларда ҳам шунга ўхшаш ёдгорликлар – фейфа (қулфтош) бор. Буларнинг барчаси вазифаси ва шакли жиҳатидан ўзаро боғлиқ.
Нега тош? Рамзнинг ривожланиши
Дарахт абадий эмас. Саҳрода у чирийди, йўқ бўлади. Аммо эътиқод ва маросим узоқ умр кўришни талаб қиларди. Устюрт ва унга туташ ҳудудлардаги тош қулфтошлар шу тариқа дунёга келган.
Дастлабки тош стеллалар айнан ёғочдан ясалган ўймакор устунларнинг такрори сифатида яратилган. Археологик тадқиқотлар шундан далолат берадики, бу ўхшашлик нафақат шаклда, балки ўймакорлик услубида ҳам яққол кўринади. Ёғоч устунларнинг тош стеллаларга “кўчиши” — тирик табиатдан абадийлик тимсоли бўлмиш тошгача бўлган эволюцион йўлнинг рамзидир. Бу жараён дунё дарахти (олам меҳвари ҳақидаги энг қадимий универсал тимсол) ғоясидан кўчманчилар маданиятидаги муқаддас отқозиқларга боғланиб кетади.
Устюрт ва унга туташ сарҳадларида баландлиги 4 метргача етадиган улкан тош устунлар — халқ орасида “қада-тош” деб аталадиган қипчоқ отқозиқлари учрайди. Бу ҳудудда оҳактош жинсларининг юмшоқ ва ишлов беришга енгил бўлиши усталарга ёғоч ўймакорлигига хос бўлган шакл ва нақшларни тошда мукаммал акс эттириш имконини берган. Натижада ушбу тош устунлар нафақат амалий, балки маросимий ва маънавий аҳамият касб этувчи бадиий ёдгорликлар сифатида ҳам ажралиб туради.
Қулфтош нафақат орнаментал шакл, балки маънавий-руҳий муҳтавога эга, аниқ бадиий ифодадир. Унинг ўймакорлиги бежиз эмас — у асосий ғояни, яъни от тимсоли орқали марҳум ҳақида сўзлаб турибди.
Устюртдаги XIX асрга оид кўплаб қулфтошларнинг ғарбий ё шарқий юзаларининг энг пастки қисмида отларнинг реалистик бўртма тасвирлари ёки чизма шаклидаги образлари билан безатилган. Баъзиларининг ён томонларида эса жангчига хос анжомлар — қилич, камон каби жиҳозлар ўйиб тасвирланган.
Бу тасвирлар оддий безак эмас. От — марҳумга бағишланган қурбонлик ҳайвони, уни охиратга етакловчи йўлдош сифатида талқин қилинади. Чўпон ота қабристонидаги баъзи қулфтошлардаги от ва чавандоз (ёки эҳтимол, дарахт) образларининг ёрқин бўртма ифодалари мавзунинг чуқур маросимий ва муқаддас моҳиятини намоён этади. Бу тасвирлар қадимги кўчманчи маданиятнинг ўлимга бўлган қарашлари, тирик ва нариги дунё орасидаги боғланиш борасидаги фалсафий қарашларини ифодалайди.
Бу тасвирий анъана фақатгина туркий халқларга хос эмас — у бошқа этномаданий муҳитларда ҳам ўзига хос ифодасини топган. Масалан, ёқут ва бурят халқларида от боши шаклида ясалган муқаддас символ — серге кенг тарқалган. Осетин стеллаларида эса “нариги дунё оти” образи (Зазхассан) аниқ ифода этилган бўлиб, бу тасвирлар отнинг марҳумни охиратда ҳамроҳлик қилиш вазифасини англатади. Ушбу ўхшашликлар от тимсоли кўп халқларда универсал сакрал маънога эга бўлганини тасдиқлайди.
Дунё дарахтими ёки космик отқозиқ? Талқинлар баҳси
Қулфтошларнинг мураккаб ўймакорлиги, уларнинг тик ва монументал тузилиши, шунингдек, “ҳаёт дарахти” мотивининг ўсимликсимон нақшлар — арабескалар ичида яширин ёки очиқ-ойдин ифодаланиши (баъзан уч қисмида “ғунча” шаклида), ҳамда уч қисмли композиция — илдизлар (ер ости), тана (одамлар дунёси) ва уч (осмон, қуёш) тартибидаги рамзий қурилиш — буларнинг барчаси қулфтошларнинг дунё дарахти ғояси билан чамбарчас боғлиқлигини яққол намоён этади.
Қозоғистонлик этнограф олим С. Ажиғали кўчманчи халқларнинг дафн ва ибодат архитектурасини атрофлича тадқиқ қилиб, қулфтошларни маданий ва фалсафий жиҳатдан синтетик тимсол сифатида талқин этади. Унга кўра, қулфтош — бир неча маданий қатламларнинг ўзаро боғланишидан шаклланган рамзий иншоотдир.
Қадимий илдиз: қулфтош тимсолининг пойдевори — Коинот устуни, яъни дунё дарахти ғоясидир. Бу – энг илк, онгсиз равишда сақланиб қолган архетип қатлам, инсоният тасаввуридаги табиий “дунё ўқи” тимсоли.
Кўчманчилар талқини: Милоддан аввалги I минг йилликда кўчманчи маданият шаклланиши билан ушбу космик устун янги мазмун билан бойиди. Бу босқичда устун — қурбонликка аталган от билан боғланади. Кўчманчилар учун от — муқаддас, қуёшсимон ва аждодлар руҳига боғланган ҳайвон сифатида талқин қилинади. Энди бу “дунё ўқи” қурбонлик отини космос (Қуёш) ва муқаддас руҳлар олами билан боғловчи воситага айланади.
Хулоса қилиб айтганда, Устюртдаги қулфтошлар оддий қабртошлар эмас — улар қадимги эътиқоднинг тошга муҳрланган солномасидир. Бу ёдгорликлар ёғочдан тошга кўчган, дунё дарахти тимсоли орқали шаклланган, кейин эса кўчманчилар тамаддунининг муқаддас рамзи — Космик Отқозиқга айланган ғоявий эволюцияни ифодалайди.
Бу замин — от қурбонлиги орқали осмон билан туташган муқаддас ҳудуд. Қулфтошлар этакларидаги ҳар бир бўртма от тасвири — улуғ маросимнинг сўзсиз, бироқ ҳайратомуз гувоҳи, қуёшга юз бурган қурбонлик тулпорининг музлаб қолган акс-садосидир.
Қулфтош — бу кўчманчи халқнинг моддий дунёда жисмланган ибодати, унинг Осмон тахтидаги мангу отқозиғи, яъни фано ва боқийлик ўртасида қурилган сакрал кўприкдир.
Суратларда: Устюртдаги “Довуд ота” қабристонида олинган қулфтошлар
[gallery-24082]
Есимхон Қаноатов, Мақсад Ҳабибуллаева (сурат), ЎзА