Устувор вазифалар ёшлар камолоти учун
Бухоро инновацион тиббиёт институтида давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 11 апрель куни ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари, маҳалла “бешлиги” вакиллари, шунингдек таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.


Ёшлар масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши сифатида ҳамиша диққат-эътибор марказида бўлиб келган. Айниқса сўнгги йилларда ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, ҳаётда муносиб ўрин топиши йўлида тизимли ислоҳотлар амалга оширилди. Келажагимиз ворисларининг тақдири учун катта инвестициялар йўналтирилмоқда.
Муҳтарам Президентимиз видеоселектор йиғилишида “Ёшлар билан ишлаш барча раҳбарларнинг, кенг жамоатчиликнинг, бутун жамиятимизнинг энг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади”, – деб алоҳида таъкидлади. Эндиликда “Янги Ўзбекистон ёшлари” дастури ишлаб чиқилиб, унда ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, бандлигини таъминлаш, ахборот технологиялари, хорижий тил, замонавий касбларга ўқитиш, спортга жалб қилиш ва бошқа масалалар назарда тутилиши қайд этилди.

Юқоридаги устувор вазифалар барча олий ўқув муассасалари қатори, институтимиз профессор-ўқитувчилари зиммасига ҳам улкан масъулият юклади. Бунинг учун ёшлар билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, уларни янги марра ва ютуқлар сари етаклаш, жамиятимиз учун ёт ғоялар таъсиридан асраб-авайлаш, бир сўз билан айтганда, ёш авлоднинг илму маърифатини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Давра суҳбати бу борадаги муҳим йўналишларни белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этди. Зеро, тараққиёт сифатли таълимдан бошланади.
Толиб Одинаев,
Бухоро инновацион тиббиёт
институтининг ёшлар ва ташкилий
ишлар бўйича проректори
ЎзА