Устувор вазифалар таҳлили
Навоийда жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Навоийда жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.Вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарган йиғилишда Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасидан келиб чиқиб, вилоятни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган ишлар самараси муҳокама этилди.
Йиғилишда 2015 йилнинг ўтган даврида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, саноат корхоналарини модернизация қилиш, иқтисодий ночор корхоналарни маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобидан қайта тиклаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, иқтисодиётда хусусий секторнинг улушини янада ошириш борасида салмоқли ишлар олиб борилгани қайд этилди.
Иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларини амалга ошириш натижасида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 3,1 фоизга ўсди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 13,6, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 13,6, қурилиш ишлари 7,1, чакана савдо айланмаси 15,2, хизматлар ҳажми 17,8 фоизга ошди. Аграр соҳани ислоҳ қилиш самарасида қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида ижобий ўсиш тенденцияси кузатилди. Натижада ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш белгиланган режага нисбатан 6,8 фоизга ўсди.
Вилоятнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш борасида ҳам салмоқли ютуқлар қўлга киритилди. Йил бошидан буён 33 турдаги тайёр маҳсулотлар ташқи бозорга етказиб берилгани натижасида кўзда тутилган режа 114,6 фоизга бажарилиб, экспорт кўрсаткичи 232,4 миллион долларни ташкил этди.
Ҳисобот даврида 20,8 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилиб, 133 кичик бизнес субъекти ташкил этилди ва қўшимча 603 янги иш ўрни яратилди.
Йиғилишда вилоятнинг айрим туманларида чет эл инвестициясини кенг жалб қилиш ҳамда ташқи бозорга чиқиш, ҳудудлар экспорт салоҳиятини ошириш борасида айрим камчиликлар кузатилаётгани таъкидланди. Вилоятда саноат ишлаб чиқаришини ривожлантириш, иқтисодий ночор корхоналарнинг барқарор ишлашига кўмаклашиш юзасидан кузатилган баъзи муаммолар танқидий таҳлил этилиб, келгусида мазкур йўналишда қатор лойиҳаларни амалга ошириш белгилаб олинди.
Тадбирда 2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини амалга ошириш ишларини тизимли ташкил этиш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий ва коммунал соҳа, уй-жой фондининг жорий йил куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, ичимлик суви таъминотини янада яхшилаш масалалари ҳам муҳокама этилди.
Навоий вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.Ибрагимов сўзга чиқди.