Устувор вазифалар ижроси йўлида
Тошкент шаҳар ҳокимлигида 2014 йил якунлари ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Тошкент шаҳар ҳокимлигида 2014 йил якунлари ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов бошқарган йиғилишда Президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
2014 йил якунига кўра шаҳарда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсиши 9 фоиз, жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 15,8, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 15,5, асосий капиталга жалб этилган инвестициялар ҳажми 8, пудрат қурилиш ишлари ҳажми 9,2, чакана товар айланмаси 13,6 ҳамда жами хизматлар кўрсатиш улуши 14,8 фоизга ўсди. Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улуши 55,9 фоизни ташкил этди.
2014-2016 йилларда Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида ҳисобот даврида белгиланган 3270 инвестиция лойиҳасининг барчаси ишга туширилди. Инвестиция дастури доирасида 51 ижтимоий соҳа объекти фойдаланишга топширилди.
Пойтахтимизнинг Эски шаҳар қисмида узунлиги 5,1 километр бўлган янги айланма йўл қурилиши амалга оширилди. Лабзак ва Абдулла Қодирий кўчалари кесишувида кўприк барпо этилди. Қатор таълим, тиббиёт муассасалари, болалар спорти майдончалари фойдаланишга топширилди.
Бандлик дастурига асосан 2014 йилда 91,2 минг иш ўрни ташкил этилди. Мазкур иш ўринларига касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, аёллар, ёшлар, алоҳида эҳтиёжли фуқароларни жойлаштиришга жиддий эътибор қаратилди.
«Соғлом бола йили» Давлат дастури доирасида оилавий поликлиникалар, шифо масканлари, тиббий диспансерлар фаолиятини такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада ошириш, кўламини кенгайтириш, соҳа ходимларининг касб малакасини юксалтириш, таълим даргоҳларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги-янги спорт-соғломлаштириш масканларини бунёд этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.
Йиғилишда иқтисодиёт тармоқларида мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш, кексаларга ҳурмат ва эътибор кўрсатишга оид истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.
Тошкент шаҳар фаоллари йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.Розуқулов сўзга чиқди.