Ёшларга билим ва маърифат, эзгулик улашаётган, уларни тўғри йўлга бошлаётган, ўқиш ва изланишга муттасил ундаётган инсонларни, яъни ўз касбига содиқ устоз ва мураббийларни замонамизнинг чинакам қаҳрамонлари, дейиш мумкин.
Ўзбекистон халқ ўқитувчиси, наинки мамлакатимиз, балки хорижда ҳам “Қоракўл математика мактаби”га асос солган моҳир педагог, кўплаб ёшларнинг устози Тўхтамурод Жумаев ана шундай қаҳрамон инсонлардан эди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Пойтахтимизда меҳмон бўлиб турган мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган илғор устозлар учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Муқимий номли Ўзбекистон давлат мусиқали театрида ёзувчи Қўчқор Норқобил асари асосида саҳналаштирилган “Замон Авлонийси” спектакли намойиш этилди.
Дарҳақиқат, Бухородаги Қоракўл халқаро математика мактаби кўплаб ота-оналар ўз фарзанди билим олишни орзу қилувчи бетакрор маърифат маскани саналади. Дастлаб 1-сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати сифатида фаолият кўрсатган ушбу билим даргоҳи ўғил-қизларни “Билимлар калити” бўлган математиканинг мўъжизакор оламига ошно этишда катта ўрин тутади.
Бу номдор мактабдан халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган кўплаб ўқувчиларнинг етишиб чиққани эса Тўхтамурод Жумаевдек заҳматкаш, чин маънодаги ватанпарвар, машаққатларга бўйин эгмайдиган устозлар меҳнати, уйқусиз тунлари, заҳмати билан бевосита боғлиқдир. 2019 йилда ушбу мактабнинг «Халқаро математика мактаби»га айлантирилиши унинг нуфузини янада юксалтирди. Мактабдаги таълим-тарбия жараёнлари тобора янги босқичга чиқди.
Пойтахтимизга меҳмон бўлиб келган илғор устозлар эътиборига ҳавола этилган “Замон Авлонийси” спектакли умрини ёшлар ҳаёт йўлини машъалдек ёритишга бахшида этган Тўхтамурод Жумаевнинг ибратли фаолияти ҳақида ҳикоя қилиши билан кўпчиликда катта таассурот қолдирди. Аслида ҳам мазкур спектаклнинг илк намойиши юртимиз жамоатчилигида жуда илиқ фикрлар, ёрқин таассуротлар уйғотган эди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Тўхтамурод Жумаев сингари жонфидо устозлар, том маънодаги замонамизнинг Авлонийлари умр йўлини педагогика билан боғлаган барча устоз ва мураббийлар учун чин маънода ибрат, намуна мактабидир.
Спектакль ўқитувчи ва мураббийларга манзур бўлди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири