Устоз ва талабалар акцияда фаол қатнашди
Андижон машинасозлик институтида “Мен – донорман” акцияси ўтказилди.
Баъзида бемор инсоннинг ҳаётини асраб қолиш қон қуйиш жараёнига боғлиқ бўлади. Биламизки, қон сунъий тарзда ишлаб чиқарилмайди. Бунда яхши инсонлар томонидан ихтиёрий равишда топширилган қондан фойдаланилади. Шу маънода кишиларнинг қон топшириши ҳаёт билан видолашаётган қайсидир бир инсонни ҳаётга қайтаришга, умрига умр қўшишга ёрдам беради.
Ана шундай хайрли мақсад йўлида ўтказилган “Мен – донорман” акциясида институтнинг профессор-ўқитувчилари, талабалари фаол иштирок этди.
Акция олдидан кўнгилли донорлар рўйхати шакллантирилди. Андижон вилояти қон қуйиш маркази шифокорлари томонидан устоз ва талабаларга қон олиш жараёни қандай кечиши, қон топширадиганларга қўйиладиган талаблар ва уларнинг ҳуқуқлари, санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш, акциядан кўзланган мақсад ҳақида кенг тушунча ва маълумот берилди.
Юқори кўтаринкилик билан ўтказилган акцияда юзлаб устоз ва талабалар кўнгилли равишда қон топшириб, хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшди.
[gallery-13960]
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари