Устоз, сизга меҳримиз бўлакча...
1 октябрь– Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас осон онин ҳақин минг ганж ила.
Буюк бобокалонимиз, ҳазрат Алишер Навоий ушбу мисраларида устозлар меҳнатининг ҳақини дунёнинг бор бойлик ва хазинаси билан ҳам адо этиб бўлмаслигини таъкидлаб, ҳақ гапни айтганлар. Дарҳақиқат, инсон ҳаётида, маънавий камолотида устоз–муаллимнинг ўрни, ҳиссаси, меҳнати беқиёс.
Ўқитувчи-мураббийларнинг таълим-тарбияси, меҳр-эътибори билан мурғак қалбларда билим булоғи отилиб чиқади, атроф-оламга, одамга, дунёга нисбатан меҳр уйғонади, камолотга етказадиган пиллапоялардан шахдам одимлаш иштиёқи пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам устозга меҳр-муҳаббатимиз бўлакча, эътиборимиз ўзгача. Устоз отангдек улуғ, деган ҳикматнинг замирида ҳам уларга бўлган меҳримиз, устозларимизнинг ҳаётимизда юксак ўрин тутганлиги ишораси мужассам.
Юртимизда бу улуғ зотларни эъзозлаш, қадрлаш ва уларга ҳурмат-эътибор кўрсатиш борасида қатор саъй-ҳаракатлар амалга ошириб келинади. Президент фармони билан 1997 йилдан бошлаб 1 октябрни Ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида кенг нишонлаш анъанаси йўлга қўйилган. Шу муносабат билан айни кунларда юртимизнинг ҳар бир гўшасида устоз-мураббийлар куни катта тантана қилинмоқда.
Тошкент давлат юридик университети қошидаги академик лицейда ҳам ушбу сана муносабати билан катта байрам тадбири ташкил этилди. Унда таълим масканининг педагоглари, ишчи-ходимлари ҳамда ўқувчилари иштирок этди. Тадбирни академик лицейнинг ижрочи директори Ойбек Саидумаров кириш сўзи билан очиб, барча устозларни байрам билан қутлади:
– Юртимизда таълим-тарбия тизимини ривожлантириш, фарзандларимизнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши, маънавий ва жисмоний жиҳатдан етук инсон бўлиб вояга етиши учун барча имконият яратилмоқда, – деди ижрочи директор.
– Таълим-тарбия соҳасида кўзланган мақсад ва марраларга эришишда эса устоз-мураббийларнинг ўрни, меҳнати ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Халқимизда “Сен одамларга бир йил яхшилик қилмоқчи бўлсанг, буғдой эк, умр бўйи яхшилик қилмоқчи бўлсанг, таълим-тарбия бер”, деган нақл бор.
Ҳақиқатан ҳам инсон ҳаётида таълим-тарбиянинг, устоз-мураббийларнинг ўрни беқиёс. Шу боис ҳам ўқитувчилик азалдан эътиборли, ҳурматли касб ҳисобланган. Устоз деганда, ҳар бир инсон қалбида чуқур ҳурмат-эҳтиром, чексиз миннатдорчилик туйғулари, шу билан бирга, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси пайдо бўлади. Бугун мамлакатимизнинг ҳар бир соҳада эришаётган самарали натижалари замирида, албатта, устозларнинг берган таълим-тарбияси, захматли меҳнатлари мужассам.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, бугунги кунда Тошкент давлат юридик университети қошидаги академик лицейда ўқувчиларга замонавий технологиялар асосида таълим-тарбия бериш учун барча шарт-шароит яратилган.
Ҳар бир ўқув хонасида энг сўнгги русумдаги, хориж технологиялари билан рақобатлаша оладиган электрон доскалар ўрнатилган. Унда барча фан ва машғулотлар бўйича дастурлар жойлаштирилган. Қолаверса, таълим муассасасида ўрнатилган Wi-Fi интернет тизими дарс машғулотларида ушбу электрон доскалар орқали интернетдан фойдаланиш имконини беради.
– Айни пайтда академик лицейимизда 375 нафар ўқувчи таълим олади, – дейди таълим муассасининг ёшлар етакчиси Тўлқин Акбаралиев.
– Ўтган 2020-2021-ўқув йилини битирган 251 нафар ўқувчимизнинг 220дан ортиғи олий таълим муассасаларига ўқишга кирди. Шу жумладан, 19 нафар иқтидорли, фаол ўқувчимиз суҳбат асосида тўғридан-тўғри Тошкент давлат юридик университетига имтиҳонсиз қабул қилинди. Албатта, таълим масканимизнинг бу каби ютуқларида 36 нафар устоз-мураббийимизнинг меҳнати, бераётган билимлари, тажрибалари муҳим ўрин тутади.
Академик лицейда маънавий-тарбиявий ишлар, турли тўгараклар фаолияти ҳам изчил йўлга қўйилган.
– Ўқув муассасамизда ўқувчиларни турли фан ва касб-ҳунар тўгаракларига жалб қилиш бўйича муайян ишлар олиб борилмоқда, – дейди тўгараклар бўйича масъул Гулнора Рўзматова.
– Бунинг учун зарур хоналар керакли жиҳозлар билан таъминланган. Масалан, мусиқа хонаси, шахмат-шашка, спорт тўгаракларини ташкил этиш учун махсус хоналар мавжуд. Бу имконият ва шароитлар ўқувчиларимизнинг фанлар бўйича билимларини ошириш билан бирга, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, “Беш ташаббус” доирасида ўзларининг истеъдодини юзага чиқаришига замин яратади.
Байрам тадбирида лицей ўқувчилари устозларни касб байрамлари билан муборакбод этиб, шеър, куй-қўшиқ ва саҳна кўринишларини намойиш қилди.
– Устозларимиз биз учун иккинчи ота-она, улар бизни тарбиялашмоқда, ўзларидаги бор билимларини улашмоқда, – дейди академик лицейнинг 2-босқич ўқувчиси Ёқуббек Умаров.
– Ҳар куни эрталаб устозларимиз бизни ота-онамиздек кутиб олишади. Ушбу лицей мактаб таълимидан кейин биз учун катта янгилик ва имконият бўлмоқда. Бу ерда янги устозлар, янги тенгдошларимиз билан янада чуқур билим олишга бўлган иштиёқимиз ортмоқда.
Бунинг учун таълим масканимизда замонавий шарт-шароитлар яратилган. Барча устозларимизни касб байрамлари билан муборакбод этамиз ва уларнинг меҳнатини юзага чиқариш учун шижоат билан ҳаракат қиламиз.
Муҳтарама Комилова, Ёқуб Мелибоев, (сурат), ЎзА