Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Устоз Ойбекка эҳтиром

Пойтахтимиздаги "Ренессанс кино уйи"да Ўзбекистон халқ ёзувчиси, академик, адабиётшунос олим Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек таваллудининг 120 йиллигига бағишланган адабий-маърифий кеча ўтказилди.

Тадбирга адабиёт, санъат ва маданият, илм-фан намояндалари таклиф этилди.  

Ойбек ҳаёти ва ижоди, заҳматли фаолиятига бағишланган  кўргазма ташкил этилди.

Адабий анжуманда эътироф этилганидек, Янги Ўзбекистонда  учинчи Ренессанснинг пойдеворини яратишда миллий адабиётимиз равнақи йўлига умрини бағишлаган устоз ижодкорларнинг адабий мероси муҳим асос  бўлиб хизмат қилмоқда.  

Кечада айтилганидек,  Ойбек ижоди энг оғир ва мураккаб даврда ҳам одамлар қалбига нур, эзгулик, умид ва ишонч бағишлаганини адибнинг замондошлари кўп бора эътироф этган. Ойбекнинг ижоди ғоят бетакрорлиги, самимияти, гўзал ва бетакрор тимсолларга бойлиги билан  адабиёт мухлислари қалбидан жой олган. Устоз адибларнинг фикрича, Ойбекнинг халқимиз олдидаги яна бир буюк хизмати адиб халқимиз қўлига "Навоий", "Қутлуғ қон" сингари бетакрор асарларни тутқазганидадир. Бу асарлар халқимизга энг оғир йилларда маънавий куч, қувват, далда берди. "Навоий" романи буюк мутафаккир ва шоир ҳақидаги асар қандай бўлиши кераклиги юзасидан минглаб ижодкорларни тарбиялади.

Адабий кечада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, таниқли ижодкор ва адабиётшунос олим Улуғбек Ҳамдам, Ғафур Ғулом номидаги уй-музей директори, адиба ва журналист Олмосхон Аҳмедова Ойбекнинг инсон, ижодкор сифатидаги эзгу ва ибратли фазилатлари ҳақида, асарларининг маънавий-тарбиявий аҳамияти хусусида батафсил сўзлади.

– Улуғларимиз ҳазилакам замонда яшамаган, ҳазилакам замонда ижод қилмаган, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. – Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов каби шоирларга ижодий қувват, илҳом бағишлаган Ойбек домла бўладилар. Бундай ибратли мисолларни кўплаб келтириш мумкин.  

– Мендан Ойбек асарлари бугунги ёшларга нима беради, деб сўрашади баъзан, – деди адабиётшунос олим, ёзувчи ва публицист  Улуғбек Ҳамдам. – Ойбек асарларида ёруғлик, умид, ишонч, некбинлик бор. Айни пайтда Ойбек шеърияти жуда баланд, ҳозирги шоирлар ибрат олса арзигулик шеъриятдир. Унинг ижодида умидбахшлик, символизмнинг юқори чўққисини кузатиш мумкин. Ҳамма даврда ижодкорга синовлар берилади. Муҳими бу синовларни Ойбек домла муносиб тарзда енгиб ўтган. Ойбек инсон сифатида ҳам, ижодкор сифатида ҳам ибрат олса арзийдиган шахс эди.

Тадбирда Ойбекнинг ижод йўли, унинг машаққатларга тўла ҳаёти, асарларининг аҳамияти, олимлик, адиблик, таржимонлик фаолияти хусусида батафсил сўз юритилди.

Ойбек ҳаёти ва ижодига оид  адибнинг невараси – кинорежиссёр Элжон Аббосов томонидан суратга олинган ҳужжатли фильм намойиш этилди.  

– Бобом таваллудининг 120 йиллиги муносабати билан адабий-маърифий тадбирлар жорий йилнинг бошидан бошлаб олий ўқув юртларида, кутубхоналарда, маърифат масканларида мунтазам ўтказилмоқда, –  деди Ойбекнинг невараси Лола Тошмуҳамедова. – Юртимиз нашриётларида бобомнинг асарлари чоп этилмоқда. Илмий -тадқиқот институтлари томонидан Ойбек ижоди фаол ўрганилмоқда. Буларнинг бари мамлакатимизда Ойбек ижодига бўлган улкан ҳурмат ва эътиборнинг ёрқин намунасидир. Айни пайтда бобом ва бувимнинг чироқларини ёқиб ўтирган Ойбек уй-музейи директори Ойнур Бекжоновага ўз миннатдорлигимни билдираман.  

Адабий-маърифий кечада Ойбек ижодидан намуналар ўқилди. Дилбар куй-қўшиқлар ижро этилди. Устоз ёзувчининг "Болалик" асари асосида 1985 йилда суратга олинган "Орзулар оғушида" номли бадиий фильм тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.  

Адабий-маърифий кечада Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов сўзга чиқди.  

Назокат Усмонова, ЎзА  

 

--0--