Уста кулолга кулолчилик дастгоҳлари топширилди
Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Расулжон Мирзааҳмедов Андижон вилоятида бўлиб, андижонлик ҳунарманд уста, кулолчилар сулоласининг 14-авлоди Мирзабаҳром Абдуваҳобов хонадонидаги устахонада бўлди.
Кулолчилик халқ ҳунармандчилигининг қадим турларидан бири ҳисобланади. Юртимиздаги кўплаб уста кулоллар томонидан кулолчиликнинг ўзига хос анъаналари асрлар оша давом эттириб келинмоқда. Кулолчилик ҳунари, санъатини давом эттириб келаётган уста кулоллардан бири, андижонлик Мирзабаҳром Абдуваҳобовдир.
Олтинкўл тумани Жалабек қишлоғида яшовчи Мирзабаҳром Абдуваҳобов Ўзбекистон “Ҳунарманд” уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси қошидаги бадиий ижодкорлар уюшмаси, ЮНЕСКО қошидаги халқ амалий санъати анъаналарини тарғиб этиш маркази аъзосидир. У мамлакатимиз ва халқаро миқёсдаги кўплаб танловлар ғолиби, халқаро кўргазмалар иштирокчиси сифатида миллий кулолчилик санъатимизни дунёга танитиб келаётган уста кулоллардан бири саналади.
Республика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Расулжон Мирзааҳмедов бошчилигида бир гуруҳ ҳунарманд-усталар Мирзабаҳром Абдуваҳобовнинг устахонасида бўлиб, уста томонидан оддий лойдан бежирим ва нафис сопол буюмларнинг тайёрланиш жараёнлари, уста тайёрлаган маҳсулотлар намуналари билан танишди.
Мазкур устахона “Ҳунарманд” уюшмаси Андижон вилояти бошқармаси кўмагида таъмирланиб, устахонада самарали фаолият юритиш учун зарур барча шароитлар яратиб берилган.
Уста кулол меҳмонларга ўзининг фаолияти, кейинги йилларда яратган кулолчилик маҳсулотлари ҳақида гапириб берди.
[gallery-19656]
Учрашув доирасида Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилиб, ЮНЕСКО амалга ошираётган “Марказий Осиёдаги Ипак йўли мероси йўлаклари – Европа маданий мерос йилининг халқаро кўлами” лойиҳаси доирасида уста кулол Мирзабаҳром Абдуваҳобовга электр хумдон ва кулоллик чархи топширилди.
– Мен бутун фаолиятим давомида миллий кулолчилик санъатимиз анъаналарини ривожлантиришга, бутун дунёга тарғиб этишга ҳаракат қилдим, – дейди М.Абдувоҳобов. – Фаолиятимни қўллаб-қувватлаш учун янги жиҳозлар берилганлигидан беҳад мамнунман. Ишончим комилки, кулолчилик санъати анъаналари асрлар оша яшайверади.
Уста кулол айни кунда “Устоз-шогирд” анъанаси асосида фарзанд ва набираларига, шогирдларига кулолчилик ҳунари сирларини ўргатиб келмоқда.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.