2012 йилдан бошлаб ҳар йили Халқаро туркий маданий ташкилоти – ТУРКСОЙ томонидан аъзо давлатларнинг машҳур ва тарихий шаҳарларидан бири “Туркий дунё маданияти пойтахти” деб эълон қилинади.
Туркиядаги Эскишаҳар 2013 йил “Турк дунёси маданият пойтахти” дея эълон қилинган эди. Бу мақом Нур-Султан, Қозон, Марв, Туркистон, Ўш ва Хива шаҳарларига ҳам берилган. 2021 йилнинг сентябрь ойида Хива шаҳрида бўлиб ўтган TÜRKSOY доимий кенгашининг 38-мажлисида Туркиянинг Бурса шаҳри “Турк дунёси маданият пойтахти” сифатида маъқулланди. “Туркий дунё маданияти пойтахти” деб танланган шаҳарда турли тадбирлар ўтказилади. Шундай тадбирлар Бурсада ҳам бўлиб ўтди. Унда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ОАВ вакиллари қаторида тўрт нафар ўзбекистонлик журналист ҳам иштирок этди. 2013 йил Эскишаҳарда бўлиб ўтган тадбирда қатнашгандим, бу йил Бурсадаги тадбирлар насиб қилганидан хурсандман.
Туркияликларнинг ўз тарихига бўлган муносабатини кўриб, очиғи ҳавас қилдик. Қадимий қишлоқ ва маҳаллаларнинг асл ҳолида сақлашга бўлган уриниш таҳсинга лойиқ. Меҳмонхонага жойлашиб, бироз дам олганимиздан кейин бизларни шаҳар четидаги Кумуштепа маҳалласига олиб боришди. Аҳолиси 500 нафар экани айтилган маҳалла қадимий бинолари билан машҳур. Шу ўринда шаҳарга келишимиз билан Кумуштепа маҳалласига, Бурсани тарк этишимиздан сал аввал Жумаликизиқ қишлоғида боришимизда ҳам рамзийлик бордек. Чунки, сўнги вақтларда хорижлик сайёҳларнинг турк қишлоқларига қизиқишлари ортмоқда.
Жумаликизик вақт тўхтаб қолган қишлоқ. Бу ерда ўрта асрлардаги Усмонийлар даври яққол акс этиб турибди. 700 га яқин аҳоли истиқомат қиладиган қишлоқда бир неча юз йил аввал қурилган тош, ғишт ва ёғоч уйлар асл ҳолича турибди. Уларнинг сони 180 та экан. Кўчаларига тош ётқизилган. Маҳаллий аҳоли “Ҳеч нарса абадий эмас, фақат ўзгариб туради” деган гапни яхши кўрадилар. Ўзгариб турган даврга қарамай аҳоли тарихий қадрият ва маданиятларни асраб қолишган. Қишлоқ ўз гўзаллигини, миллийлигини сақлаб қолган.
ЮНЕСКО рўйхатига киритилган мазкур қишлоққа албатта бориш керак. Бу ерда яшовчи аҳоли миллий либосда юришни яхши кўришади, ўзлари нон ёпадилар. Умуман олганда илк Усмон давлати давридаги турмуш тарзларини унутишмаган. Шу сабабли ҳам бу қишлоқда турли сериал ва кинолар суратга олинган. Масалан, “Хиноли қор”, Усмонийлар империяси ҳақидаги “Мустақиллик” сериаллари шулар жумласидан. Қишлоқда тарихий масжид, этнографик музейи, 1917 йилда қурилган Зекия Хотун фаввораси, турк ҳаммоми бор.

Қишлоқдан тушиб Бурсадаги “1326 Музей Панарамаси”га бордик. Очиғи, аввалига музейга бориб нимани ҳам кўрардик, деган ҳаёлга бордик. Бу музейнинг номи “Фатҳ музейи” деб номланиб 1326 йилда Бурсанинг забт этилишига бағишланган. Бурсада учта (Нилуфар, Усмонғози ва Йилдирим) туман мавжуд бўлиб “Фатҳ музейи” Усмонғози туманида жойлашган. Музей айнан шу туман муниципалитети ташаббуси билан 2015 йилда қурила бошланди. Жаҳоннинг энг яхши музейларидан бири дея тан олинган. Унинг лойиҳаси «яшил қурилиш» концепциясига биноан таниқли тарихчи доктор Халил Инналиқ томонидан ишлаб чиқилди. Музейга кирганингиздан сўнг ўнг қўлда доктор Халил Инналиқ ҳақида маълумот берилган ва Бурса тарихига оид чизилган суратларни кўриш мумкин. Бинонинг биринчи қаватида Усмонийлар сулоласи даврига оид кийим-кечакларни, ҳарбий либосларни кўрасиз. Шунингдек, кинозал ҳам бор бўлиб, Бурса тарихига оид фильмлар намойиш қилинади.
Иккинчи қаватга чиқиб чипта оласиз ва Панарамага кирасиз. Ҳайратингиз мана шунда ошади. Панарамада Усмонийлар томонидан Бурсанинг фатҳ этилиши акс этган. Сиз ўша даврга бориб қоласиз. Музеей 4300 квадрат метр майдони эгаллайди. Бурсанинг эгалланиш тарихи ва Усмонийлар империясига асос солиниши махсус кўргазмали материаллар орқали тақдим қилинган.
Музей маданий марказга айланган. Мен музейни маданий марказ билан бир қаторда ўқув маркази ҳам деган бўлардим. Бу ерда ўша давр манзараси ишонарли тасвирланган. Ҳайвонларнинг маъраши-ю, бараши, отларнинг кишнаши ишонарли чиққан. Умуман одамлар ҳам, ҳайвонлар ҳам яхши тасвирланган. Панарамани бир неча марта айланиб чиқдим. Ташқарига чиқар эканман: Буюк тарих яратган биз ўзбеклар нима учун мана шундай музей ярата олмаймиз?, деган савол ўтди.
Бурса шаҳрининг “Турк дунёси маданият пойтахти” тақдимоти бўлиб ўтди. Эрта тонгда Усмон Ғозий мақбараси ёнида бошланган тадбирда шаҳар жамоатчилиги, ТЮРКСОЙга аъзо давлатлар маданият вазирлари, Бурса шахар муниципалитет раиси ва бошқа расмийлар, ОАВ вакиллари, жумладан Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбайжондан келган журналистлар иштирок этди.
Усмон Ғозий турк давлатининг асосчиси ҳисобланади. Шу сабабли унинг мақбарасида фахрий қоровул туради. Меҳмонлар фахрий қоровулнинг алмашинувига гувоҳ бўлдилар. Шундан сўнг тадбир иштирокчилари турк миллий мусиқаси садолари остида Бурсанинг марказий кўчалари бўйлаб юриш қилдилар. Салкам икки километр пиёда юрилганидан сўнг «Турк дунёси маданият пойтахти» идораси жойлашган майдонга етиб келдик. Тадбирнинг расмий очилиш маросими шу ерда бўлиб ўтди. Тадбирда ўзбек бадий жамоалари ҳам иштирок этди. Тадбир Туркия Республикаси давлат гимни ижроси билан бошланди. Тадбирда нутқ сўзлаган Бурса хокими Алинур Акташ бу каби тадбирлар туркий халқлар маданий меросини жаҳонда тарғибот қилишда жуда ҳам аҳамиятли эканини таъкидлади. У шунингдек туркий халқлар ўртасидаги маданий алоқалар бундан кейин ҳам ривожланиши кераклигини қайд қилиб ўтди. Шундан сўнг Наврўз байрамининг тимсоли сифатида гулхан ёқилди.
Буюк тарихга эга бўлган мазкур шаҳарда ўз даврида ҳунармандчилик, амалий санъат, меъморчилик, илм-фан ривожланган. Айни дамда гўзал табиатга эга бўлмиш шаҳарда кўплаб меъморий дурдоналар сақланиб қолган.
“Султонлар шаҳри” бўлмиш Бурсада кўплаб турк султонларининг қабри ва 23 та музей бор. Шулардан бири Амир Султон мақбараси ва масжиди. Очиғи Амир Султон ҳақида кўпчилик ўзбекистонликлар деярли эшитмаган. Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасининг маданият ва туризм бўлими раҳбари Алпарслон Окинчи албатта Амир Султон мақбарасини зиёрат қилишимиз кераклиги борасида маслаҳат берди. Очиғимни айтаман, аввалига эътиборсиз қарадим, чунки бу зот ҳақида эшитмаган эдим. Аммо нима учундир Амир Султон мақбарасини зиёрат қилгим келаверди ва ташкилотчиларга бу фикримни айтдим. Аввалига улар у ерга бориш режада йўқлигини айтишди. Қайта-қайта илтимос қилаверганимдан сўнг улар рози бўлишди. Шундан сўнг ҳамкасбим Дилбар Аралова билан буюк авлиё Амир Султон мақбарасини зиёрат қилишга муваффақ бўлдик.
Бурсага борган ҳар бир сайёҳ албатта Амир Султон мақбарасини зиёрат қилиши ва мақбара ёнидаги масжидни кўриши керак. Келиб чиқиши бухоролик бўлган Амир Султоннинг ҳақиқий исми Шамсиддин Муҳаммад Али Ал-Ҳуссайн ал-Беруний. Унинг отаси Саййид Али Бухоронинг машҳур мутасаввифларидан бўлиб, саййид бўлгани учун унга “амир” унвони берилган. Тахминларга кўра, Амир Султон 770 (1368-69) йилларда туғилган. Унинг болалик йиллари ҳақида маълумот йўқ бўлса-да, яхши таълим олган дейиш мумкин. У саййид бўлиб, насл-насаби Ҳазрат Ҳусайнга асосланган. Манбаларга кўра, насаби еттинчи авлодда ўн иккинчи имом Муҳаммад ал-Маҳдий ал-Мунтазарга етиб боради. Бироқ қариндош эканини айтган амир Ҳасан Нурий бошқача фикрни айтади. Унинг ёзишича, амир Султон еттинчи Имом Мусо ал-Козимнинг ўғли Иброҳимдан келиб чиққан.
У Бухорода туғилгани учун Муҳаммад Бухорий, Саййид бўлгани учун “Амир Бухорий”, Йилдирим Боязидхоннинг куёви бўлганидан кейин “Амир Султон” деб аталган.
Амир Султоннинг аниқ вафот этган санаси маълум эмас. Манбалар унинг Бурсада 833 (милодий 1430) йили вабо эпидемиясида вафот этганини ёзиш билан кифояланади. Қабри Бурсадаги унинг номи билан аталган масжид ёнида жойлашган. Қабрини зиёрат қилганлар унинг муборак руҳидан илҳом оладилар. Усмонли султонлари Амир Султон вафотидан кейин ҳам унга ҳурмат кўрсатишни давом эттирганлар. Улар ҳар гал Бурсага келганларида, албатта Амир Султон қабрини зиёрат қилардилар.
Амир Султон ҳаётлигида Бурсадан узоқроқ жойларда яшовчи дарвешлар йилига бир марта келиб дуо олиб кетишарди. Бу ташрифлар унинг вафотидан кейин ҳам анъанага айланиб, асрлар мабойнида давом этган. Бурсаликлар неъмат деб билган бу анъана ХХ асргача давом этгани айтилади. Аммо Рамазон ва Қурбон Ҳайити байрамларининг иккинчи кунларида Эшрефий шайх ва дарвешларининг Амир Султон қабрини зиёрат қилиш анъанаси ХХ асрда сақланиб қолинган.
Амир Султон қабри ёнида 14 асрда илк масжид қурилди. Аммо ёнғинлар, урушлар, ҳамда 1766, 1795 ва 1855 йилги зилзилалар туфайли илк масжид биноси вайрон бўлди. Айни дамда 1868 йилда бунёд этилган масжид сақланиб қолинган. Мақбарада Амир Султон, рафиқаси, икки қизи ва ўғли дафн қилинган.
2022 йилда “Туркий дунё маданияти пойтахти” деб эълон қилинган Бурсада йил ўн икки ой сайёҳлар бўлади. Сайёҳлар шаҳардаги 33 та тарихий меҳмонхона ва бозорларга алоҳида ҳурмат билан қарайдилар. Шаҳарнинг ҳар бир кўчаси, биносида турк меъморчилиги ва тарихи кўзга яққол ташланади. Сиз ўзингизни вақт йўлагидан ўтаётгандек ҳис қиласиз.
Шарофиддин Тўлаганов