Бухоро вилояти Жондор туманидаги Ушот қишлоғи тандирсозликда довруқ қозонган. Қишлоқда тандирсозлик анъаналарини давом эттириб келаётган оилалар кўп. Ғайбулло Мўминов, Ўлмас Мусаев, ака-ука Жамшид ва Жамил Жабборов, Ориф Болтаевларнинг оилавий сулолалари шулар жумласидандир.
– Энг яхши тандир буғдой ўрими пайтида ясалади, – дейди ҳунарманд тандирсоз Ғайбулло Мўминов. – Чунки жазирама иссиқ кунда лой яхши қурийди. Такрор ишловдан сўнг заранг қотган тандирни чертиб кўрсангиз, жарангдор овоз чиқаради. Харидорлар эса тандирни айнан жаранглаган овозига қараб танлашади.
Бугунги кунда ҳам тандирсозлик ҳунари эскирмаган, “устоз-шогирд” анъанаси асосида навқирон авлод қўлида сайқал топмоқда. Биргина Ушот қишлоғида ҳозирда 150 дан зиёд оила ушбу касб-кор билан шуғулланмоқда. Улар томонидан ҳар йили 20 минг донадан ортиқ тандир тайёрланиб, нафақат вилоят туманлари, маҳалла ва қишлоқларига, бошқа вилоятларга ҳам буюртма асосида тайёрлаб етказилмоқда.
Ўзига хос ҳунармандлар қишлоғи Ушотда тандирсозликдан ташқари нафис каштачилик, сўзаначилик, зардўзлик санъати ҳам ривожланган. Шунингдек, ушотлик қандолатпазлар томонидан тайёрланаётган қандолат маҳсулотлари, миллий ширинлик ва ҳолваларнинг ҳам харидорлари кўп. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб “Ушот— ҳунармандлар маҳалласи” ташкил этилмоқда.
[gallery-16852]
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.