АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистондаги миссияси иқтисодий ривожланиш бўлими бошлиғи Скотт Хедланд бошчилигидаги делегация Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Термиз туманидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида бўлиб, истиқболли ҳамкорлик режаларини муҳокама этди.
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий, сиёсий – ижтимоий ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш баробарида хусусий бизнес, нодавлат ташкилотлар ва мустақил оммавий ахборот воситалари фаолиятини ривожлантиришга аҳамият бермоқда.
Мазкур тадбир доирасида дунёда муқобили йўқ таълим марказида USAID фонди ҳамкорлигида 3 ойлик дастурлаш курсининг расмий очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Шунингдек, меҳмонлар ўқув даргоҳида яратилган замонавий шароитлар, ўқув-лаборатория хоналари, дарсдан кейинги тўгараклар фаолияти билан танишди. Келгусида USAID ҳамда марказ ўртасида кенг кўламли янги лойиҳаларни амалга ошириш режалари белгилаб олинди.
Меҳмонлар Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов билан учрашиб, USAIDнинг “Тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш” (FGI), “Рақобатбардошлик, савдо ва иш ўринлари” (CTJ) ҳамда “Қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш” (AVC) лойиҳалари юзасидан ҳамкорлик режаларини муҳокама этди. Термиз туманидаги Айритом маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ва “Термиз” халқаро савдо марказида яратилаётган замонавий шароит ва қулайликлар тўғрисидаги тақдимот билан яқиндан танишди.
USAID фонди ҳамкорлигида Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиалида ўқув мақсадларида фойдаланиладиган қишлоқ хўжалигида қиймат занжири лойиҳаси асосида мева-сабзавотларни сақлашга мўлжалланган музлатгич барпо этилган. Шунингдек, ваколатхона кўмагида “Термиз” эркин иқтисодий зонаси учун маркетинг ва бизнес режалар ишлаб чиқилмоқда.
Фонд вакиллари Тошкент давлат аграр университети Термиз филиали ва “Термиз” эркин иқтисодий зонасида бўлди. Тарихий қадамжолар ва музейларни томоша қилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА