USAID нинг ўнинчи форуми виртуал кўринишда иш бошлади
Бугун АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ташкиллаштирилган ўнинчи Марказий Осиё савдо форуми ўз ишини бошлади.
Ҳар йили ўтказиб келинадиган мазкур халқаро тадбир Марказий Осиё ва ундан ташқарида минтақавий савдо-сотиқ ва ўзаро боғлиқликни илгари суришга қаратилган.
Бу йилги беш кунлик виртуал тадбирларда қирққа яқин давлат, жумладан, АҚШ, Афғонистон, Грузия, Германия, Қозоғистон, Қирғизистон, Латвия, Литва, Россия, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Буюк Британия, Украина, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар вакили бўлган 4000 нафар иштирокчи ҳамда 100 нафар маърузачи иштирок этмоқда.
Бу йилги форум "Марказий Осиё – ўсиш ва фаровонлик" мавзусига бағишланган бўлиб, унинг доирасида COVID-19 пандемиясидан кейинги иқтисодий тикланиш даврида Маркази Осиёда кузатилаётган янги тенденциялар ва бозор жараёнлари кўриб чиқилади.
Виртуал кўринишда ўтадиган тадбирларга турфа хил онлайн платформалар, жумладан, Zoom, Facebook Live ҳамда YouTube орқали уланиш мумкин.
Учрашувларда глобал ва маҳаллий экспертлар, новатор ва бизнесменлар иштирок этиб, муҳокамалар Марказий Осиёдаги савдо-сотиқни ривожлантиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этадиган ўзаро ҳамкорлик ришталарини йўлга қўйишга қаратилади.
Иштирокчилар онлайн шаклдаги жонли учрашувларга уланиб, минтақавий таъминот занжирларининг COVID-19 га мослашиши, Марказий Осиёда туризмнинг тикланиши, минтақа электр бозорини шакллантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар, минтақа электрон бозорини ривожлантириш йўлидаги муаммо ва имкониятлар, давлат билан хусусий сектор ўртасидаги мулоқотни йўлга қўйиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бошқа қатор мавзуларга бағишланган муҳокамаларда қатнашиш имкониятига эга бўлади.
Форум давомида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон вакиллари бўлган 20 дан зиёд мева-сабзавот ва боғдорчилик маҳсулотлари етиштирувчилари Савдо дунёси (World of Trade) чакана савдо форуми орқали потенциал шериклар билан бевосита музокаралар ўтказиш имкониятига эга бўлади.
– Ўн йил муқаддам мазкур форумга Марказий Осиёни барқарор, фаровон ва ўзаро боғланган ҳудудга айлантиради, деган ишонч билан тамал тоши қўйилган,– дейди АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Уилям Мозер. – Савдо-сотиқ ҳеч қачон бир томонгагина манфаат олиб келмаган. Ҳамкорликдан барча бирдек манфаат кўради.
Вашингтондан уланган USAIDнинг Осиё минтақаси бўйича бюроси раҳбарининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Хавер Педра шундай қўшимча қилди: “USAID мазкур муҳим тадбирни қўллаб-қувватлашда давом этаётгани билан фахрланади. Биз минтақа бўйлаб, жумладан, Афғонистонда ҳам савдо-сотиқни ривожлантириш, янги тижорат ришталарининг ўрнатилишига кўмаклашиш ҳамда Марказий Осиё билан АҚШ ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни такомиллаштириш ғоясига содиқмиз”.
Охирги ўн йил давомида Марказий Осиё савдо форуми ўз атрофида 30 дан зиёд мамлакатнинг 5 мингдан зиёд ҳукумат аъзолари, бизнесмен ва олимларини бирлаштириб, уларга янги тенденциялар ҳақида маълумот олиш, ғоялар алмашиш, ҳамкорлик ришталарини ўрнатиш ва шерикликни амалга ошириш имкониятини тақдим этди.
Охирги ўн йилликда Марказий Осиё давлатлари орасидаги ўзаро савдо ҳажми икки баробардан кўп ўсиб, йилига деярли 6 миллиард долларни ташкил этмоқда.
Форум USAIDнинг "Рақобатбардошлик, савдо ва иш ўринлари" лойиҳаси томонидан “Adventure Travel” савдо ассоциацияси, Ўзбекистондаги Америка савдо-саноат палатаси, CERT академияси, Логистика ва транспорт Қироллик институти, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, “Global Cold Chain Alliance” уюшмалар гуруҳи, Қозоғистон транспортиттифоқи, “Lonely Planet” нашриёти, “Indy Guide” сайёҳлик ахборот маркази, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Бирлашган Миллатларнинг Жаҳон туризм ташкилоти, “Wideoyster” онлайн журнали, “Women in Logistics and Transport” халқаро ташкилоти ва "World Travel Market" сайёҳлик кўргазмаси билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.