Уруш қатнашчиси ҳолидан хабар олинди
Хотира ва қадрлаш куни олдидан “Нуроний” уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари Ўктамжон Охунов бир гуруҳ нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар ҳамроҳлигида Асака тумани Тоштепа маҳалласида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси, Абдуллажон ота Абдурасулов хонадонида бўлди.
Абдуллажон ота Абдурасулов Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган мард ва жасур ўзбек йигитларидан биридир. У уруш йилларида дастлаб Россия, Беларусдаги қатор қишлоқ ва шаҳарларни немис-фашист босқинчиларидан озод этишда қатнашди. Кейин Узоқ шарқда Манжурия фронти таркибидаги қўшинлар сафида япон милитаристларига қарши аёвсиз жангларда иштирок этиб, қаҳрамонлик намуналарини кўрсатди, қатор орден ва медаллар билан тақдирланди.

Урушдан кейин Абдуллажон ота Андижон давлат педагогика институтида таҳсил олди. Узоқ йиллар тумандаги 28-, 18- умумтаълим мактабларида ёш авлодга география фанидан билим берди. Самарали меҳнатлари билан эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топди.
Абдуллажон ота Абдурасулов турмуш ўртоғи, раҳматли Зайнабхон она билан 9 нафар фарзандни тарбиялаб, эл қаторига қўшди. Бугун ўзининг қутлуғ 104 ёшини қарши олган отахон фарзандлари, набира ва чеваралари, ҳамқишлоқлари, шогирдлари, эл-юрт ардоғида умргузаронлик қилмоқда.

Ташриф чоғида нуронийлар, ёшлар отахонни байрам билан табриклаб, унга пул мукофоти, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда эсдалик совғалар топширди.

Абдуллажон ота кўрсатилаётган эътибор ва йўқловлардан беҳад мамнун эканлигини билдирди. Бугунги тинч ва дориломон кунларнинг қадрига етиш, фаровон ва тўкин ҳаётимизга шукроналик келтириш кераклигини айтиб, дуолар қилди.
Ф. Убайдуллаев, ЎзА мухбири