Йиллар ўтса-да, ушбу куннинг аҳамияти ҳеч қачон сусаймайди, бу кун ҳаммамиз учун жасорат, ифтихор ва мангу хотира рамзи бўлиб қолаверади.
Урушнинг залворли мусибатларини бошидан кечирган, бугун ёнимизда ушбу куннинг шукуҳини биз билан бўлишаётган барча инсонларга таъзимдамиз.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Б.Сидиқов, Нукус шаҳар Кенгаши депутати И.Қуттимуратова, O'zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ходимлари 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 79 йиллиги муносабати билан Нукус шаҳридаги "Амударё" маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи, бугун яқинлари ардоғида 99 ёшни қарши олган, жасорати ўрнак бўладиган Қадирбай ота Нармановни йўқлаб борди.
Фахрий ота билан суҳбатлашар экансиз, кўз олдида ўша даҳшатли урушнинг қиёфаси гавдаланади. Отахон уруш йилларини эслаб, кўзига ёш олди.
–9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Президентимиз томонидан бизга кўрсатилаётган бу каби эътибор ва ғамхўрликдан жуда мамнунмиз. Илоҳим, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, – дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Қадирбай ота Нарманов.
Отахон бугунги дориломон кунларга етказганига шукрона айтиб, қўлларини дуога очади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири