Уруш фахрийлари – жасорат ва матонат тимсоли
Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 79 йиллиги олдидан жанг майдонларида жасорат кўрсатган сурхондарёлик мард, ботир фахрийлар ҳолидан хабар олиш учун йўлга чиқдик. Кун қорайгунча отахонлар билан учрашиб, Термизга қайтдик. Манзилимизга яқинлашганимизда деновлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Досек ота Меридов хонадонидан хабар келди. Отахон омонатини топширибди...
Ўша куни биз навбатдаги суҳбат илинжида Досек бобо уйига борганимизда қўлида жарроҳлик амалиёти ўтказилган ва тўшакда ётиб қолган экан. Отахонни ортиқча безовта қилишни истамай, фарзандларидан ҳол-аҳвол сўраб, хайрлашган эдик.
Билаги кучга тўлган пайтда душманга қарши мардонавор курашган иродаси мустаҳкам, Ватан учун қон кечиб, жанг қилган бобонинг ётиб қолганини кўриб, Досек бобо билан уруш йиллари ва хотиралари тўғрисида суҳбат қилолмаганимиздан қалбимиз ўксинган эди. Бу мудҳиш хабар эса бизни кутилмаганда шошириб қўйди...

Биз Досек Меридовни юз ёшдан ошади, деган хаёлда юрардик. Гарчанд бобога жангу жадаллардаги оғир кунлар, урушдаги кейинги тикланиш йиллари ўз таъсирини ўтказган бўлса-да, отахон ҳали бардамдек туюларди. Хотиралари яхши эди. Собиқ жангчидан энди ширин хотиралар қолди.
Бу йил 99 ёшни қарши олган Досек Меридов уруш бошланганида 16 ёшда эди. У навқирон чоғларида Ватан тинчлиги, авлодлар бахту камоли учун қўлига қурол олиб, жанг майдонларида душман кучларига муносиб қаршилик кўрсатди. Разведкачи сифатида душман жойлашган ҳудудларни аниқлаб, уни йўқ қилиш учун ўз бўлинмасига аниқ координаталарни берди. Ана шундай хизмат қилаётган кунларнинг бирида душман кучларининг қаршилигига дуч келди. Қўлига дайди ўқ тегди. Шундай бўлса-да, у юклатилган вазифани муваффақиятли адо этиб, сафдошларига зарур маълумотларни етказди. Жасур ва мард аскарга сержант ҳарбий унвони берилди...

...Иккинчи жаҳон уруши ўзбекистонлик жангчиларнинг ҳам мислсиз қаҳрамонликлари билан якунланди. Мусибатли шу йилларда кўплаб мард ўғлонлар кўкрагини юрт тинчлиги учун қалқон қилди. Жанг майдонларида жон берди. Оталар билаги кучга тўлган ўғилларини, акалар меҳрибон укаларини йўқотди. Оналар фарзанд доғи билан яшади. Урушдан қайтганларининг аксарияти танасида, ҳеч бўлмаганда қалбида қаттиқ жароҳат билан келди.
Ана шундай собиқ жангчилар сафида шўрчилик Раҳмонберди бобо Мирзараҳимов ҳам бор. Отахон табаррук 99 ёшни қарши олди. Буюк ғалабага муносиб ҳисса қўшган Раҳмонберди бобо фарзандлари, бир этак невара-чеваралари қуршовида қарилик гаштини сурмоқда.

Раҳмонберди бобо Мирзараҳимов урушга отланганида 18 ёшда эди. Ўқчи полкида хизмат қилган отахон жанг майдонларида ғанимга қарши мардонавор кураш олиб борди. Беларусь, Латвия ва Литва каби давлатларни босқинчилардан ҳимоя қилишда иштирок этиб, Берлин остонасида ғалабани нишонлади.
Пиру бадавлат отахон билан навбатдаги суҳбат учун у кишининг хонадонига ҳам бордик. Раҳмонберди бобо ҳовлидаги бедаларни ўриб, бир чеккага тахтлаб қўяётган экан. Қуюқ саломлашиб, ҳол-аҳвол сўрашдик, бобонинг хотираларини тингладик.
– Уруш бошланганида икки акамни олиб кетишди, – дейди бобо. – Ўша замонда урушга бўйга қараб, олиб кетишарди. Бўйинг эшик тепасига етар -етмас бўлганида чақириб қоларди. Урушга борасан, дерди. Акаларимни чақиришгани ҳеч кўз олдимдан кетмайди. Раҳматли ота-онам уларни кўз ёши билан урушга жўнатган, кузатиб қўйган эди. Шундан сўнг улар қайтмади. Бу жигарларим билан сўнгги кўришувимиз бўлиб қолди. Бу ҳолат отамнинг ҳам, онамнинг ҳам белини букди. Онам қишин-ёзин гоҳ эшикдан, гоҳо деразадан мўралаб, акаларимни кутди. Кўп ўтмай менга ҳам урушга чақирув хати келди…
Суҳбатимиз энди қизиётганида отахондан ҳол-аҳвол сўраганида бир гуруҳ ўқувчилар кириб келди.
Раҳмонберди бобо болажонларни хонага таклиф этиб, улар билан қуюқ сўрашди. Бировига сен палончининг невараси, бошқа бирига сен писмидончининг чеварасимисан,дея сўраб-суриштирди. Улар билан олдинги учрашувларни эслади.
Отахонни жим кузатиб турар эканмиз, зийраклиги, хотирасига ҳавасимиз келди. Бир пас ўйга толиб турдию, жанг майдонларини эслай бошлади. Окопларда кечган қўрқинчли, оғир кунларни эсга олди. Душман билан жангга киришган лаҳзаларни ипга мунчоқ ўтказгандек ҳикоя қилиб берди. Қизиқиб, кўп гапириб юборганидан толиқдими, ишқилиб бир зум гоҳ бизга, гоҳ ўқувчиларга термилгач, шундай деди:
– Урушнинг номи ўчсин, болаларим. Ҳамиша дунёда тинчлик бўлсин! Кўп ўқинглар. Ватанга муносиб фарзанд бўлиб улғайинглар. Ота-оналарингиз сизлар билан фахрланиб юрсин...!
Айни пайтда 2 фарзанднинг отаси, 8 невара ва 14 чеваранинг суюкли бобоси эл эъзозида. Хонадони у кишидан ҳол-аҳвол сўраш, қизиқарли гурунгларига шерик бўлиш учун келган ёшу кексалар билан тўлади. Отахон уруш тугагач, кўп йиллар механизатор бўлиб ишлади. Хизматлари давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Шу куни шерободлик фронторти меҳнат фахрийси 94 ёшдаги Тилов бобо Болтаев хонадонида ҳам бўлиб, дилдан суҳбатлашдик. Гурунг чоғида Тилов бобо уруш даврига тўғри келган ёшлик йилларини шундай эслаб қолди:
– У йилларда “Ҳамма нарса фронт учун”, деган шиор бўларди, – дейди отахон. – Мен бу ишни эплолмайман, бу иш менга тўғри келмайди, деган гапни биров эшитмасди. Ёшу қари тиним билмай ишлаб, меҳнат қиларди. Ким бир бурда нон топса ҳам фронт учун эди. Ҳамманинг қорни очу кўзи тўқ эди. Шундай обод ва тўкин замонда айрим қорни тўқ, бироқ назари оч одамларга дуч келсам, уруш ва ундан кейинги даврдаги очарчилик йиллари кўз олдимда гавдаланаверади.

Болаликдан оғир меҳнат билан улғайган 94 ёшли Тилов бобо Болтаевнинг ҳали ҳам тетиклигини, меҳнаткашлигини кўриб, ҳавасимиз келди. Кенг ҳовлининг бир тарафидаги ихчам устахонада пичоқ ясаётганини кузатиб, ҳайратимиз ошди.
– Бу ҳам бир ҳунар, ҳалол меҳнат болаларим, – деди Тилов бобо. – Ёш улғайган сайин соғлиқ панд бера бошлайди. Бир умр меҳнат қилган киши уйда ётаверса ҳам бўлмас экан. Тана оғирлашиб, касал бўлаверасан. Яратган эгамиз умр берса, юз билан юзлашаман, деб турибман. Шу ёшимда ўринда ётиб қолмаслигим учун ҳаракат қилишдан тўхтамай, шу ҳунар билан машғулман.
Суҳбатимиз якунида отахонга тан-сиҳатлик, куч-қувват тилаб, хайрлашдик. Тилов бобо жаҳонга тинчлик, Ватанимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга бардавомлик, ёшларга умр сўраб, дуога қўл очди...
Акбар Аҳмедов,
III даражали сержант,
Термиз гарнизони.