Бир экспонат тарихи
Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг даҳшатли, қирғинбарот уруш сифатида ўтмишга муҳрланган. Урушда иштирок этган ота-боболаримизнинг ҳикоялари бугунги авлод учун гўё эртак ёхуд жанговар фильмдек туюлади. Аммо афсуски, бу фожеликлар, қон тўкилишлар, жон олиб-жон бериб олишишлар, қиёмат қоим бомбардимонлар ҳаётда содир бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Тошкент шаҳрида ташкил этилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ҳамда унинг таркибидаги “Шон-шараф” Давлат музейи уруш даврига оид манзараларни кўз олдимизда гавдалантиришда муҳим тарихий аҳамиятга эга маскан бўлди. “Шон-шараф” Давлат музейи экспозицияларидан ўрин олган ҳужжат ва фотосуратлар, турли ашёлар ҳамда макетлар ўша қора кунлар тарихидан сўзлайди.
Жанг майдонларида душманга қарши мардонавор кураш олиб боришда ҳарбийларнинг ўзаро алоқада, бир-бирларидан хабардор бўлиб туриши энг муҳим омиллардандир. Мазкур музейда Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида фойдаланилган турли кўринишдаги ана шундай алоқа воситалари ҳам ўрин олган.
Улар ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида музейнинг Кўчма кўргазмалар бўлими бош мутахассиси Маҳбуба Салимова билан суҳбатлашдик.
— “Шон-шараф” Давлат музейидан ўрин олган ҳар бир экспонат томошабиннинг Иккинчи жаҳон уруши йиллари ҳақида кенг таассуротларга, кўпроқ маълумотларга эга бўлишига хизмат қилади. Масалан, жанговар ҳаракатлар давомида энг кўп фойдаланилган алоқа воситаларини оладиган бўлсак, экспозициямизда уларнинг турли хиллари ўрин олган: бир-бирига махфий ахборот узатишга мўлжалланган морза алифбоси кўринишидаги телефон аппарати, коммутатор, алоқа кабели, окопларда фойдаланишга мўлжалланган телефон аппарати, фақат топшириқ қабул қилишга мўжлалланган телефон аппарати. Ҳар бирининг ўз вазифаси бўлган.
Шунингдек, ғалтакларга ўралган узун алоқа кабели ҳам ўрин олган. Аскарлар бир объектдан иккинчи объектга алоқани тиклаш мақсадида худди шундай ғалтакларга ўралган алоқа кабелларидан фойдаланишган. Лекин ўзаро алоқани тиклаш осон кечмаган. Чунки душман тараф иложи борича кабелларни узишга ҳаракат қилган. Уларнинг бошланиш қисми ёки ўртасидан узишни, портлатишни кўзлаган, йўлларига миналар қўйишган. Шу йўл билан қарши тарафнинг ўзаро боғланишларига, хабар алмашишларига тўсқинлик қилишга уринган.
Бундан ташқари, урушдан кейин истеъмолга кирган симёғочларга ўрнатиладиган телефон аппарати ҳам кўргазмамиздан ўрин олган. Бу турдаги телефон аппаратларидан кўпинча бой хонадонлар фойдаланишган.
— Ушбу воситалар асл нусхами ёки макетими?
— Бу ердаги алоқа воситаларнинг барчаси асл нусха ҳисобланади. Яъни уруш майдонларида ёки фронт ортида фойдаланилган.
— Улар музейга қаерлардан олиб келинган?
— Ушбу асбоб-ускуналарнинг айримлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг музейи фондидан олиб келинган, яъни бизнинг музейгача вазирлик музейида сақлаб келинган. Айримлари эса аҳоли вакиллари томонидан совға тариқасида тақдим этилган.
Дарҳақиқат, Иккинчи жаҳон урушида ғалабага хизмат қилган ҳар бир ашё ва буюм тарихий аҳамиятга эга. Қайд этиш керакки, “Шон-шараф” Давлат музейидан ўрин олган бу каби экспонатлар уруш манзаралари ҳақида таассурот уйғотиш билан бирга, бугунги тинч-осойишта ҳаётимизнинг қадрига етиш, шукрона айтиш, уни асраб-авайлашга ундайди, қалбларимизда ватанпарварлик туйғуларини уйғотади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА