Хитойнинг Тошкентдаги элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган пресс-тур доирасида Урумчи ва Турфон шаҳарларида бўлдик. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркиядан ОАВ вакиллари иштирок этган пресс-турда нафақат тарихий ва маданий мерос объектлари, балки минтақанинг иқтисодий ва инновацион ривожланиш тизими билан ҳам танишдик.
Урумчи – Шинжоннинг юраги
Урумчидаги дастлабки ташрифимиз биотехнология компаниясига бўлди. Илмий тадқиқотлар, ишлаб чиқариш ва янги маҳсулотлар яратиш билан шуғулланувчи ушбу корхона Шинжоннинг ноёб сув ресурсларидан ифлослантирмасдан сув олиш бўйича патентланган технологиялар ва вакуумли қадоқлаш усулидан фойдаланган ҳолда премиум тоифадаги жаҳон брендини яратган. Музликлардан олинган тоза сув жаҳон бозорида ўз харидорига эга.
– Корхонамизда 10 дан зиёд турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилади, – дейди компания асосчиси Юэ Цзинчунь. – Сув тоғлар чўққисидаги музликлардан олиниб, геотермал фаоллик туфайли эрийди ва дейтерий миқдори жуда паст, кичик молекуляр кластерли тузилишга эга. Сув махсус герметик зангламас пўлат идишларда, икки қаватли иссиқлик изоляцияси билан ташилади, бу эса сувнинг +6°C ҳароратда ва юқори сифатда сақланишини таъминлайди.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, компания ўзининг “Одамларга соғлом сув етказиш ва жаҳон бренди яратиш” миссияси асосида соғлом сувни тадқиқ этиш ҳамда тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратади. Бу йўналишда у Хитой Фанлар Академияси, Далян технология университети ва бошқа илмий муассасалар мутахассислари билан ҳамкорлик қилмоқда.

Урумчи халқаро қуруқ порти (логистика маркази) тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Марказда Буюк Ипак йўли доирасидаги савдо ва транзит имкониятлари билан танишдик. Бу марказ Марказий Осиё ва Хитой минтақавий ҳамкорлик йўлининг муҳим ҳалқаси бўлиб хизмат қилади. Порт Хитойнинг Шинжон – Уйғур автоном районидаги йирик логистика ва савдо марказидир. Урумчи шаҳрида жойлашган бу қуруқ порт денгизга уланмаган ҳудудлар учун халқаро савдо алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.

Қуруқ портлар – бу турли йўналишдаги юкларни қабул қилиш, сақлаш ва қайта тарқатишга мўлжалланган махсус инфратузилмалардир. Урумчи қуруқ порти темирйўл, автомобил ва ҳаво транспорти воситасида товарларни транзит қилиш имконини беради. Бу порт орқали Хитой билан Марказий Осиё, Европа ва Россия ўртасидаги савдо алоқалари самарали ташкил этилади.

Урумчи қуруқ порти “Бир камар – бир йўл” лойиҳаси доирасида муҳим транзит нуқтаси сифатида катта аҳамиятга эга. Европа ва Марказий Осиёга юбориладиган юкларнинг транзити ушбу порт орқали тез ва хавфсиз амалга оширилади. Хулоса қилиб айтганда, Урумчи халқаро қуруқ порти Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо йўлларини мустаҳкамлайдиган, замонавий логистика инфратузилмасини яратишга хизмат қиладиган муҳим бизнес ва транспорт марказидир.

Табиат ва экологияга бағишланган “Шинжон қадимий экологик боғи” (“Ёввойи от” корпорацияси)даги табиий муҳитни сақлаш ва тиклаш ишлари билан танишув пресс-тур иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Хитойнинг Шинжон вилоятида жойлашган ушбу боғ табиатни муҳофаза қилиш ва тарихий меросни сақлашга бағишланган нодир ҳудуддир. У “Ёввойи от” корпорацияси томонидан бошқарилади ва ривожлантирилади.

Боғда юзлаб йилларга тенг тош дарахтлари ва кометалар сақланиб келмоқда, улар табиатнинг ғайритабиий ҳамда ўзига хос намуналари сифатида катта илмий ва эстетик аҳамиятга эга. Бу тош дарахтлари асрлар давомида табиий жараёнлар таъсирида шаклланиб, минтақа тарихини ва экотизимини тушунишда муҳим манба ҳисобланади.

Боғнинг экосистемаси мўътадил бўлиб, маҳаллий флора ва фаунани муҳофаза қилишга қаратилган. “Ёввойи от” корпорацияси бу боғ орқали экологик барқарорликни таъминлаш, табиат билан яқин алоқани рағбатлантириш ва экотуризмни ривожлантиришни мақсад қилган.
Боғда Фарғона отларининг насли асраб келинади. Бу отлар азалдан Хитойда қадрланиб келинган. Қадимда Ўзбекистондан келтирилган ушбу отлар жисмоний бақувватлиги билан ажралиб туради. “Ёввойи от” корпорацияси бу наслли отларни сақлаш ва ривожлантиришга катта эътибор қаратади. “Ёввойи от” корпорацияси боғни экотуризм ва табиатни муҳофаза қилиш йўлида фаол ривожлантирмоқда. Бу боғ нафақат табиатнинг, балки инсон ва атроф-муҳит ўртасидаги узвий алоқанинг амалдаги намунаси ҳисобланади.

Урумчига яқин Чанцзи шаҳридаги “Цзю Шэн Хэ” уруғчилик компанияси ва қишлоқ хўжалиги намойиш зонаси пресс-тур иштирокчиларининг навбатдаги манзили бўлди. Бу ерда замонавий агротехнологиялар ва янги турдаги уруғлар ишлаб чиқариш жараёнлари намойиш этилди.
Уруғчилик компанияси минтақа қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим ўрин тутади. Асосан юқори сифатли уруғларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш билан шуғулланади. Соҳада илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда маҳаллий ва минтақавий деҳқончиликни қўллаб-қувватлайди.
Компаниянинг яна бир муҳим тармоғи – қишлоқ хўжалиги намойиш зонасидир. Бу зона қишлоқ хўжалиги соҳасида янги усуллар ва технологияларни жорий этиш, фермерлар учун амалий таълим ва тажриба алмашиш майдони сифатида фаолият юритади. Намойиш зонасида экин етиштириш ва суғориш усуллари намойиш этилади, бу эса ҳосилдорликни ошириш ҳамда ресурслардан самарали фойдаланишга ёрдам беради.
Ўзаро ҳамкорлик маҳаллий қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, фермерларни инновацион технологиялар билан таъминлаш ҳамда маҳсулот сифати ва миқдорини оширишга хизмат қилади.
CNS энг қизиқарли манзил
Урумчи шаҳридаги China News Service (Хитой Ахборот Агентлиги)нинг Шинжон филиалига ташриф иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди, десак муболаға бўлмайди. Бу ерда жамият ва ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши бўйича батафсил маълумотга эга бўлдик.
Филиалнинг фаолияти ва мутахассисларнинг тажрибаси бизда катта таассурот қолдирди. Улар томонидан ҳудуднинг иқтисодий ўсиши, ижтимоий ислоҳотлар ва маданий тараққиётга бағишлаб тайёрланган таҳлилий материаллар, ахборотлар иштирокчиларга жуда манзур бўлди.
China News Service (Хитой Ахборот Агентлиги)нинг Шинжон филиали Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатган. Бу ҳамкорлик икки мамлакат ўртасида ахборот алмашиш, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳалардаги ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
– Биз ЎзА билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатганмиз ва бу йилдан йилга ривожланмоқда. Ҳамкорлигимизнинг асосий йўналишлари ахборот алмашиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда икки мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини кенг ёритишдан иборат, – дейди China News Service (Хитой Ахборот Агентлиги)нинг Шинжон филиали директори Ли Дехуа. – Биз биргаликда минтақадаги иқтисодий тараққиёт, ижтимоий ислоҳотлар ва маданий алоқалар ҳақида мақолалар, репортажлар тайёрладик. Бу ҳамкорлик икки томоннинг оммавий ахборот воситалари аудиториясига кенг тарқалди ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлади. Келгуси режаларимизда ҳамкорликни янада кенгайтириш, инновацион ахборот технологияларини жорий этиш ва қўшма медиа лойиҳалар устида ишлаш кўзда тутилган. Бу икки халқ ўртасидаги маданий ва иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлайди. Қолаверса, ЎзА билан ҳамкорликнинг энг муҳим жиҳати – тажриба алмашишга тайёрлиги. Бу икки томон учун ҳам катта имкониятлар очмоқда ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/L258zx3uBlM" title="Urumchi va Turfonga sayohat" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нилуфар Бозорова, ЎзА мухбири