Уруғлик пахта етиштириш бўйича семинар
Сурхондарё вилояти Ангор туманида “Замин Ангор кластер” МЧЖнинг уруғлик пахта майдонларида ўқув-амалий семинар ўтказилди.
Семинарда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Ўзагроинспекция”нинг Сурхондарё вилоят бошқармаси, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси ва уларнинг туман бўлимлари бошлиқлари ҳамда соҳага алоқадор бўлган бошқа ташкилот вакиллари иштирок этди.
Сурхондарё вилоятида 2024 йил ҳосилидан уруғлик пахта етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун тендер танловидан ўтган 211 нафар субъектнинг 7 684 гектар майдонида уруғлик пахта етиштириш учун ғўзанинг юқори авлодли навлари парваришланмоқда.
Бугунги кунга қадар ушбу майдонларда мутахассислар томонидан уч маротаба мониторинг тадбирлари ўтказилиб, 260 гектар майдон касаллик ва зараркунандалар билан зарарланганлиги, бегона ўт босганлиги ва бошқа сабабларга кўра уруғлик олиш учун яроқсиз деб топилди.

Эндиги вазифа келгуси йил ҳосили учун уруғлик пахта олинадиган майдонларни танлаб олишдир.
Ўқув- семинарда 2024 йил пахта ҳосилидан вилоятнинг тупроқ-иқлим шароитига мос, тезпишар, серҳосил, касаллик ва зараркунандаларга чидамли навлардан танлаб олиш бўйича барча қишлоқ хўжалиги тизимидаги ташкилотларга, асосан вилоят ва туманларда уруғлик олинадиган майдонларда апробацияни ўтказиш бўйича тузилган комиссия аъзоларига тегишли топшириқлар етказилди.
М.Пирматова, ЎзА